Россиянинг айрим ҳудудларида мигрантлар ишлаши бутунлай тақиқланди
Олам
−
05 Декабрь
22397Россиянинг Краснодар ўлкасида 2025 йилдан бошлаб хорижий ишчи кучи тўлиқ тақиқланади. Бу ҳақда кеча, 4 декабрь куни Краснодар губернатори Вениамин Кондратьев тўғридан тўғри мулоқот чоғида маълум қилди.
Губернатор кадрлар тақчиллигини бартараф этиш мақсадида иш берувчиларга талабалар билан ҳамкорлик қилишни таклиф қилди.
“2025 йилдан бошлаб биз чет эллик ишчи кучини тўлиқ тақиқлаймиз”, деган губернатор.
Унинг таъкидлашича, иш берувчилар минтақада таҳсил олаётган коллеж ўқувчиларини иш билан таъминлаши керак.
Шу билан бирга, вилоятда иқтисодиётнинг барча тармоқларида кадрлар етишмовчилиги кузатилаётганлиги ҳам таъкидланган. Масалан, Краснодар ўлкасида муҳандислар, механиклар, агрономлар, ошпазлар, бетончилар, тракторчилар, электрчилар, пайвандчилар ва тикувчилар энг кўп талаб қилинадиган касблар рўйхатида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Тверь вилоятида 2025 йилдан бошлаб чет эл фуқаролари ишлай олмайдиган иқтисодиёт соҳалари рўйхати икки баравардан ҳам кўпроққа кенгайтирилганди. Унга кўра, 2024 йилда чет эллик ишчилардан фойдаланиш 36 та иқтисодий фаолият турида тақиқланган бўлса, келгуси йилда бу кўрсаткич 82 тага етказилиши маълум бўлганди.