Россиянинг 1xBet букмекерлик компанияси расман банкрот бўлди
Олам
−
01 Февраль 2023
12982Нидерландиядаги Ҳаага шаҳри суди томонидан Россиянинг 1xBet букмекерлик компанияси расман банкрот деб эълон қилинди. Бу ҳақда Curacao Chronicle сайти хабар берди.
Бунга сабаб сифатида компания ўйинчиларга пулни тўлаб бера олмаганлиги кўрсатилган. Оқибатда 1ХCорп веб-сайтида онлайн қимор ўйнашда алданган кўп сонли қимор ўйинчилари бирлашиб, Онлайн ўйин қурбонлари вакиллиги жамғармасини тузган ва Олий судга компанияни банкрот деб эълон қилиш бўйича даъво аризаси киритган.
Таъкидланишича, Ҳаага суди Бош прокурори бу ҳақда аллақачон хулоса қилиб бўлган ва1хCорп компаниясига тегишли 1хБЕТ 2021-йилда биринчи инстанция суди томонидан сиртдан банкрот деб эълон қилинган.
“Эндиликда компаниянинг лицензияси муддатидан олдин тугатилади ва фаолияти ноқонуний деб ҳисобланади”, дейилади хабарда.
Бироқ 1хCорп кассация тартибида судга апелляция шикояти киритган. Апелляция шикояти бўйича қарор эса ўз кучида қолган.
“Онлайн ўйин қурбонлари вакиллиги жамғармасининг бир ярим миллиондан ортиқ даъво аризаси ва турли хил қўллаб-қувватлаш даъволарига асосланган банкротлик тўғрисидаги ариза ўз кучида қолди. Энг йирик пул тикиш компанияси 1хCорп Н.В. асли Россияда асос солинган бўлиб, 1хБет ва бошқа кўплаб онлайн спорт тикиш ва казиноларни бошқаради. Унинг бутун дунё бўйлаб 1800 дан ортиқ қимор сайтлари мавжуд”, дейилган хабарда.
Қўшимча қилинишича, 1хCорп суддан банкротликни бекор қилишни сўраган. У барча қарзларини тўлаши, бунинг учун нақд пули борлигини айтган. Бироқ суд компания 18 нафар ўйинчининг тахминан 1 миллион евро миқдоридаги ютуқларини қайтаролмайди ва бундан кейин одамларнинг алданиб қолиши учун замин яратиш мумкин эмас, деган фикрда.