Россияни фош қилган “айғоқчи”, Алиевнинг Европага “тарсакиси” ва қуроли тугаётган АҚШ
Таҳлил
−
21:46 905 11 дақиқа
АҚШнинг ўқ-дорилари тугаяпти. Вашингтон ниҳоят ўзининг доимий “енгилмас армия” ва “туганмас ресурслар” ҳақидаги афсонасига нуқта қўйиб, Эронга қарши операцияда ўқ-дорилари тугаб бораётганини расман бўйнига олди. Энг қизиғи, ўзининг заҳираси қуриётган АҚШ яна Исроилга миллиардлаб долларлик вайронкор бомбаларни сотишда давом этмоқда. Фаластин хавф остидами?
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Европа парламентини “порахўрлар уяси” деб атади ҳамда уларни иккиюзламачилик, қўшалоқ стандартлар ва очиқдан-очиқ исломофобияда айблади. Унинг бу дангаллиги ортида нима турибди?
Журналист аёл Россия жосуслик тизимини фош қилди. У “россияпараст блогер” қиёфасига кириб, Россия махсус хизматларининг Европадаги айғоқчилик тармоғини қисқа вақт ичида фош этиб қўйди. Унга алоқага чиққанлар оддий вазифалардан тортиб махфий топшириқларгача берган.
Трамп Зеленскийга дакки берди. У дунёдаги ёнилғи муаммосига ўзининг Эронга қарши бошлаган уруши эмас, Киевнинг зарбалари сабаб бўлаётганини айтди. Москва эса ички ёнилғи муаммосидан қутулиш ва яқинлашаётган сайловлар олдидан вазиятни ўнглаш учун Вашингтоннинг бу танбеҳини жон-жон деб олқишлади. Хўш, Трамп ҳақиқатан ҳам дунё иқтисодиётини ўйлаяптими ёки ўз сайловчилари учун бензин нархини арзонлаштириш ортидан қувяптими?
АҚШ ўқ-дорилари тугаётганини тан олди
АҚШ Мудофаа вазирлиги ўз тарихида илк бор ҳарбий салоҳиятининг нозик нуқтасини очиқлаб, Эронга қарши олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар сабабли мамлакатнинг стратегик ўқ-дорилар заҳирасида жиддий танқислик юзага келганини расман тан олди. Пентагон бош инспекторининг “Эпик ғазаб” деб номланган операция бўйича эълон қилган биринчи чораклик ҳисоботида айтилишича, асл вазият Трамп мақтанганчалик жўда зўр эмас! Аввалроқ у туганмас даражадаги қурол-яроғи борлигини айтиб чиққан эди.
Ҳисоботга кўра, жорий йилнинг 28 февралидан 30 июнига қадар давом этган ушбу ҳарбий кампания Вашингтон ҳамёнига нақд 33,4 миллиард долларга тушган. Ушбу улкан сумманинг катта улуши, яъни 22,3 миллиард доллари шунчаки сарфланган ўқ-дориларга кетган бўлса, яна 3,7 миллиард доллари йўқотилган ҳарбий техникаларни ташкил этади. Пентагон раҳбарининг харидлар ва таъминот бўйича ўринбосари бошқармаси операциядаги бундай улкан сарф-харажат “амалдаги заҳираларда жиддий тирқишлар пайдо қилгани ва ҳарбий-саноат мажмуасининг қанчалик заиф эканини фош этгани”ни маълум қилган. Вашингтон мудофаа корхоналари қувватини ошириш ва зарурий компонентларни жамлашга уринмоқда, аммо соҳа мутасаддиларининг таъкидлашича, ишлаб чиқариш тизимини ўнглаб олиш учун “сезиларли вақт” керак бўлади. Қаттиқ ёнилғили ракета двигателлари, портловчи моддалар ва порох ишлаб чиқариш, шунингдек, малакали кадрлар етишмовчилиги асосий муаммо бўлиб қолмоқда.
АҚШ маъмуриятининг ички қарама-қаршиликлари ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Президент Дональд Трамп ва Пентагон раҳбари Пит Хегсет шу вақтгача қурол-яроғ танқислиги ҳақидаги хабарларни бот-бот рад этиб, армияда жанговар ҳаракатларни давом эттириш учун барча ресурслар етарли деб таъкидлаб келишаётган эди. Бироқ, амалда Оқ уй 24 июнь куниёқ Конгрессга 87,6 миллиард доллар миқдоридаги шошилинч қўшимча молиялаштириш сўровини юбориб бўлган. Ушбу маблағнинг 67,1 миллиард доллари айнан Мудофаа тизимига – заҳираларни тўлдириш ва Эрондаги операция харажатларини ёпиш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.
Аммо қуроллар ва ўқ-дорилар бўйича муаммога дуч келаётган АҚШ Вашингтон Исроилга қиймати 2,8 миллиард долларга тенг ҳарбий тўпламни сотишни режалаштирмоқда. “Reuters” ва The Washington Post нашрларининг маълум қилишича, ушбу битим доирасида Исроилга ўта вайронкор кучга эга бўлган 20 мингта MK 84 ва 20 мингта оғирлиги салкам 900 кг бўлган BLU-117 бомбалари етказиб берилади. АҚШ ичидаги сиёсий кайфият эса ушбу қарорларга ҳамоҳанг эмас. Quinnipiac University сўровномаларига кўра, америкалик сайловчиларнинг 48 фоизи ҳамда демократларнинг 66 фоизи Вашингтон Тель-Авивни “ҳаддан ташқари кўп қўллаб-қувватламоқда” деб ҳисоблайди. Таққослаш учун, 2017 йилда ушбу кўрсаткич бор-йўғи 16 ва 20 фоизни ташкил этган эди. Аввалроқ, Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари Исроил амалиётлари оқибатида 73 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлганини билдирган эди. БМТ тергов комиссияси буни геноцид деб баҳолаётган бир пайтда, Исроил расмийлари яна даҳшатли қирғинга сабаб бўла оладиган қуролларни сотиб олиши хавотирларга сабаб бўлиши аниқ. Расмий Тель-Авив ўз ҳаракатларини 2023 йилнинг октябрида ҲАМАС ҳужумида 1 200 киши ўлдирилиб, 250 дан ортиқ одам гаровга олингани сабабли “ўзини ҳимоя қилиш” деб изоҳламоқда.
Трамп Зеленскийга дакки берди
Россия – Украина можаросида ҳам энергетика атрофидаги ўйинлар янги босқичга кўтарилди. 13 сентябрь куни Ирландиядаги Irish Open гольф турнирида журналистлар билан суҳбатлашган Дональд Трамп Украина Президенти Владимир Зеленскийни Россиядаги дизель ёнилғиси инфратузилмасига зарба беришни тўхтатишга чақирди.
“Жаноб Зеленский битта ишни қилиши керак: у Россиядаги дизель ёнилғисини ишлаб чиқариш объектларини йўқ қилишни тўхтатиши керак. Бошқа нишонлар етарли. Дизель ёнилғисига зарба берманг. Бу бутун дунёга зарар етказмоқда”, дейди Трамп.
У ҳатто глобал ёнилғи танқислигида Яқин Шарқни эмас, айнан ушбу урушни айблашга уринди.
“Бу тақчилликни Яқин Шарқ келтириб чиқармаяпти, бунга Россия ва Украина ўртасида содир бўлаётган воқеалар сабаб бўлмоқда”, деган Трамп.
Москва эса Вашингтоннинг бу чақириғини жон-жон деб қабул қилди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бу муносабатни олқишлаб, Украина Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум қилиш орқали Москва учун мамлакатнинг Украинага босқинини давом эттириш харажатларини оширишга ҳаракат қилаётганини билдирди.
“Киев режимини фуқаролик иқтисодий инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатишга қаратилган ҳар қандай чақириқни фақат олқишлаш мумкин”, деган Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан кундалик селектор йиғилишида.
Негалигини биласиз. Украина дронларининг сўнгги зарбалари Россияда ички ёнилғи инқирозини келтириб чиқарганини кўп айтдик. Тақчиллик, АЁҚШлардаги узун навбатлар эса табиийки, жорий йилнинг 18–20 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган парламент сайловлари арафасида Кремль учун ўта ноқулай вазият яратади.
Кетма-кет баёнотлар ортидан, 14 сентябрь куни Трамп ўзининг Truth Social тармоғида Россия ва Украина бир-бирининг энергетика объектларига зарба беришни тўхтатишга рози бўлганини эълон қилди.
“Украина Россиянинг энергетика объектларига зарба бермасликка рози бўлди. Россия ҳам худди шундай қилишга рози бўлди! Дунёда дизель ёнилғиси нархининг ошишига Эрон эмас, асосан Россия – Украина уруши сабаб бўлмоқда”, деб ёзди у.
Бироқ, Украина Президенти Владимир Зеленский Telegram орқали жавоб бериб, агар ҳамкорлар Россиянинг Украина электр ва озиқ-овқат тизимларига тегмаслик борасидаги кафолатини таъминлай олсагина Киев бундай чекловга тайёрлигини билдирди.
“Украина Россиянинг бирор келишувига ишонмайди. Улар ўз “сайловларини” ўтказиб, ёнилғи босимини пасайтириб олгач, бу келишув барбод бўлмаслиги керак”, дейди Зеленский.
Financial Times нашри манбаларининг таъкидлашича, Владимир Путин ҳам қиш олдидан бундай сулҳга эришишни хоҳламайди, чунки у қишда, совуқ кунларда энергетикага бериладиган зарбаларни Киевни таслим қилишнинг асосий дастаги деб билади.
Сиёсий чиқишлар, битим ҳақидаги янги гаплар давом этаётган пайтда ҳам, жанггоҳда амалий ҳаракатлар тўхтагани йўқ. 15 сентябрга ўтар кечаси Украина кучлари Таганрог ва Самара вилоятларига ракеталар ҳамда дронлар билан ҳужум уюштирди. Бериев номидаги авиация мажмуаси ҳамда Ozon маркетплейси омборига зарар етган. Самара вилоятида эса “Роснефть”га қарашли “Сызрань” нефтни қайта ишлаш заводи нишонга олинди. Ўз навбатида, Россия ҳарбийлари Днепр-Буг бандаргоҳи орқали Украинанинг Қора денгизга чиқиш йўлини амалда бутунлай тўсиб қўйди.
“Херсон ва Николаев портларининг Қора денгизга чиқиши тўлиқ назоратга олинган, кемалар қатнови деярли тўхтади”, дейди Херсон вилоятининг россиялик губернатори Владимир Сальдо.
Бу эса Украинанинг қишлоқ хўжалиги экспортига, хусусан, дон етказиб бериш занжирига оғир зарба бўлди.
Журналист аёл Россия жосуслик тизимини фош қилди
Европада парда ортидаги “совуқ уруш” авж олмоқда. Германиянинг RTL телеканали ўтказган бир йиллик журналистик суриштирув Россия махсус хизматларининг Европадаги айғоқчилик тармоғи қандай ишлашини фош этди. Журналист Анжелике Герай ижтимоий тармоқларда "Катя" исмли россияпараст блогер қиёфасига кирган. У бир неча ой давомида ижтимоий тармоқларда Владимир Путин мақталган видеоларни жойлаштирган, Россия ва собиқ совет давлатларида машҳур бўлган оқ-кўк йўл-йўл майка, одатда денгизчилар ва ҳарбийлар киядиган кийимда суратга тушган ва Германия парламенти биноси атрофида Россия байроғи билан юрган. Кўп ўтмай, унинг аккаунтига Россия манфаатлари йўлида ишлаши мумкин бўлган шахслар қизиқиш билдирган. Суриштирув давомида маълум бўлишича, агентларга дастлаб биткоин эвазига оддий суратга олиш, SIM-карта сотиб олиш каби топшириқлар берилган, кейинчалик эса инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Германиядаги Христиан-демократик иттифоқи ходимлари ва ҳарбий корхоналар ҳақида маълумот йиғишни талаб қилган.
Мулоқотлар давомида “Саҳра Вагенкнехт иттифоқи” аъзоси Йовица Йович каби фаолларнинг ҳам изи кўринган. Йович “Катя” билан учрашиб, ўзининг россияпараст фаолияти ҳақида гапирган. Суҳбат давомида у Россия махсус хизматлари бу фаолиятга алоқадор бўлиши мумкинлигига ишора қилган. Бироқ кейинчалик журналист ўзининг асл шахсини ошкор қилиб, у билан очиқ суҳбатлашганида Йович Россия махсус хизматлари билан алоқаси борлигини ва дезинформация кампаниясида иштирок этганини рад этган.
Айғоқчилик тармоғини фош этган журналистнинг шахси очиқлангач, унинг почтасига “Қочишга уринсанг, ўқ ейсан” мазмунидаги ўлим таҳдидлари келиб тушган.
Европа парламенти – бу порахўрлар уяси
Озарбайжон ва Европа тузилмалари ўртасида сўнгги йилларда йиғилиб қолган зиддият навбатдаги энг юқори нуқтасига кўтарилди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 15 сентябрь куни Бакуда ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг VII йиғилиши ҳамда Яҳё Бакувий номидаги Биринчи халқаро конференция иштирокчиларини қабул қилиш маросимида Европа парламентини кескин танқид остига олди. Озарбайжон етакчиси ўз нутқида парламентни “порахўрлар уяси” деб атади ҳамда уларни иккиюзламачилик, қўшалоқ стандартлар ва очиқдан-очиқ исломофобияда айблади.
“Европа парламенти – бу порахўрлар уяси. Мен буни тўлиқ масъулият билан айтяпман”, дейди Илҳом Алиев.
Озарбайжон Президенти Европанинг демократия ва қонун устуворлиги ҳақидаги иддаолари чўпчак эканини исботлаш учун 2022 йил декабрь ойида шов-шувларга сабаб бўлган “Катаргейт” коррупцион можаросини ёдга олди. Ўшанда Бельгия ҳуқуқ-тартибот идоралари Европарламент собиқ вице-президенти, грециялик депутат Ева Кайли, унинг отаси ва шеригини ҳибсга олган, тинтувлар чоғида чемодан ва сумкаларга жойланган 1,5 миллион евродан ортиқ нақд пул мусодара қилинган эди.
Тергов версиясига кўра, бу маблағлар Форс кўрфази давлатлари манфаатларини илгари суриш учун берилган пора бўлган. Алиев ушбу ҳолатга эътибор қаратиб, Ғарб суд тизимининг бундай йирик жиноятга нисбатан кўрсатаётган пассивлигини пичинг билан тилга олди.
“Унинг вице-президенти уйидан чемоданларда миллионлаб доллар олиб чиқилди, улар бунинг ҳаммасини яширди. Унинг исми маълум, у грециялик аёл депутат. У ҳибсга олинганидан бери неча йил ўтди? Унга нисбатан бирор чора кўрилдими? Йўқ! Жавобгарликка тортилдими? Йўқ! Уни озод қилишди”, дея таъкидлади Баку раҳбари.
Баку ва Страсбург ўртасидаги геосиёсий зиддият илдизлари анча чуқурга тақалади. Алиев Европарламент ва Европа Кенгашининг Қорабоғ можаросига тутган мавқеини таҳлил қилар экан, Ғарбнинг адолатсиз ёндашувини фактлар билан кўрсатиб берди. Арманистон Озарбайжон ҳудудларининг 20 фоизини ўттиз йил давомида босиб олгани, ушбу ҳудудлардан озарбайжонликлар сиқиб чиқарилгани, юзлаб шаҳар ва қишлоқлар ер билан битта қилинганига қарамай, Европа кенгашининг бирор марта Ереванга нисбатан санкция қўлламаганини эслатди.
“Арманистон бошқа давлат ҳудудининг 20 фоизини эгаллаб олди, у ердан 700 минг кишини сиқиб чиқарди, Арманистондан 250 минг озарбайжонликни ҳайдаб юборди, барча шаҳарларни вайрон қилди. Нега сиз унга қарши санкциялар киритмайсиз? Демак, бу иккиюзламачилик стандартларидир”, дейди Президент.
Озарбайжон 2023 йил сентябрь ойида ўтказилган бир кунлик анти-террор амалиёти натижасида Тоғли Қорабоғ устидан ўзининг суверенитетини тўлиқ тиклагач, Европа Кенгаши атиги тўрт ой ўтиб – 2024 йилнинг январида Европа Кенгаши Парламент Ассамблеясида Озарбайжон делегациясининг ваколатларини тасдиқлашдан бош тортган эди. Бунга “инсон ҳуқуқлари ва мажбуриятлар бажарилмагани” баҳона қилинган эди.
“Қаранг, бу уларнинг асл башараси”, дейди Илҳом Алиев. Бунга жавобан Баку 2024 йил январида Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси билан ҳамкорликни вақтинча тўхтатди, 2024 йил август ойида эса Озарбайжон делегациясига қарши овоз берган 76 нафар Европа депутатининг мамлакатга киришини тақиқлади.
Озарбайжон раҳбари ўз нутқида Европа институтларидаги тизимли исломофобия масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, Европадаги баъзи доиралар мусулмон дунёсига нисбатан холис позицияда эмас.
“Динимиз ва ислом дунёсига қарши эълон қилинмаган уруш олиб борилмоқда. Исломофобия эса унинг кичик бир қисми холос”, дея таъкидлади Алиев.
У шунингдек, туркий ва ислом дунёси бундай сиёсий ҳамда маънавий босимларга фақат ўзаро бирдамлик ва жипслик орқалигина муносиб жавоб бера олишини, Кавказ ҳамда туркий эл бирга бўлса, ҳеч қандай ташқи куч уларни синдира олмаслигини уқтириб ўтди.
Live
Барчаси