Россияни 4 йилга катта спортдан четлатиш таклиф қилинди

Спорт

image

Россия 4 йилга йирик халқаро спорт мусобақаларидан четлатилиши мумкин. Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) Мувофиқлик қўмитаси Ижро қўмитасига шундай тавсия берди. Бунга Россия томонидан навбатдаги допинг қоидабузарликларига йўл қўйилиши сабаб бўлди. Гап Москва аксилдопинг лабораторияси маълумотлари сохталаштирилиши ҳақида бормоқда.

Жорий йилнинг 9 декабрь куни бўлиб ўтадиган агентлик йиғилишида бу таклиф қабул қилинса, россиялик спортчилар мусобақаларда байроқ ва мадҳиядан маҳрум бўлади. Улар Токиодаги 2020 йилги Олимпиадада 2018 йил Пёнгчангда (Корея) бўлиб ўтган қишки Олимпиададаги каби нейтрал мақомда иштирок этадилар.

Бундай чоралар нафақат Олимпия ўйинлари, балки Паралимпия ўйинлари, ўсмирлар Олимпиадаси, жаҳон чемпионатларига ҳам тааллуқли бўлади. Шунингдек, россиялик спортга алоқадор амалдорларни халқаро мусобақаларга ташрифи ҳамда Россияда йирик турнирлар ташкил қилиш ҳам тақиқланиши мумкин. Бундан ташқари, россияликлар турли қўмиталар ва кенгашлар таркибига киришига рухсат берилмайди.

Агар Россия бунгача у ёки бу мусобақани ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса, бу ҳуқуқ ундан тортиб олиниб, бошқа давлатга берилади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Олимпиада WADA

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг