Россияликлар ўзбекларни ёмон кўрадими? Бекмуродов билан интервью
Интервью
−
21 Октябрь
17262Урушга бормайдиган ўзбекистонлик мигрантлар Россияга керак эмас. Россиялик депутат Сергей Мироновга тегишли бўлган бу фикрлар Ўзбекистонда рус сиёсатчиларига нисбатан навбатдаги эътирозларни келтириб чиқармоқда.
Жорий йилнинг 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ўзбекистонликларни яна бир бор хорижий давлатлар ҳудудида жиноий жавобгарлик белгиланган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантирди. Бош консулхона баёнотига кўра, Россия номидан урушга борганлар Ўзбекистонга қайтгач истисносиз жазоланади.
Аммо бу огоҳлантириш узоқни ўйламай урушга кетаётган ўзбекистонликлардан кўра, россиялик депутат Сергей Мироновга қаттиқ таъсир қилган шекилли. Бу баёнотга у тезкорлик билан муносабат билдирди ва “Сизни боқаётган мамлакатни ҳимоя қила олмайсизми?” деган саволни ўртага ташлади.
Ўзбекистонлик сиёсатчиларда бу саволга жавоб бор. QALAMPIR.UZ бу мавзуни “Юксалиш” ҳаракати раиси, Мироновнинг ўзбекистонлик мавқедоши, Ўзбекистон Либераль Демократик Партияси депутати Бобур Бекмуродов билан муҳокама қилди.
Бобур Бекмуродовга кўра, Қозон шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси огоҳлантиришига тушунтириш берар экан, унинг чақириғини қўллаб-қувватлашини билдирди.
“Ноқонуний хатти-ҳаракатлардан асраш бу бизнинг консуллигимизнинг вазифаси. Шу сабабли ҳам Бош консулликнинг бу огоҳлантириши ҳам қонуний, ҳам адолатли. Биз бундай чақириқларни давом эттиришимиз ва кўпроқ чиқаришимиз керак. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 154-моддасида бошқа мамлакатларнинг ҳарбий хизматига, хоҳ полиция бўлсин, хоҳ бошқа ҳуқуқ-тартибот органларига ёлланганлик учун Ўзбекистон фуқаросига 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Ўзбекистон ўз фуқароларини, ватандошларини қонунбузилиши ҳолатларидан асрашга ҳақли”, деди у.
У фикрида давом этар экан, ўзбекистонликлар ташқи таъсирларга нисбатан доимо бирлаша олишини билдирди.
Бекмуродовнинг муносабатига кўра, бундай тажовузкор риторика фақат икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатади. Ҳақиқатдан ҳам россиялик сиёсатчилар томонидан Ўзбекистонга, ўзбекистонликларга қарата айтилаётган бундай ноўрин гаплар жуда тез-тез такрорланмоқда. Нега? Руслар ўзбекларни ёмон кўрадими?
“Бундай фикр билдираётганларнинг аксарияти эски одамлар. Кўряпмизки, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги парламентлараро, ҳукуматлараро муносабатлар яхшиланиб бормоқда. Россиядаги ёш, прогрессив ҳамкасбларимиз билан гаплашсангиз, улар бундай фикрда эмас. Шу сабабли ҳам ҳозирги айтилган гапларни эскича дунёқарашда бўлган сиёсатчиларнинг фикри ва позицияси сифатида қараш керак”, деди депутат.
У Мироновнинг “биз сизни боқяпмиз” деган гапига жавоб тариқасида ўзбекистонлик мигрантлар Россияда ҳалол меҳнат ортидан ўзини-ўзи боқаётганини айтди.
“Бу қабул қилиб бўлмайдиган сўз. Сабаби ватандошларимиз Россия Федерациясида меҳнат қилаётганлиги учун солиқ тўлаяпти. Масалан, патент олишдан олдин 30% даромад солиғи тўлайди. Патент олса, бу даромад солиғи 13% га тушади. Биргина Томск обьласти мисолида айтадиган бўлсак, шу йилнинг 6 ойида мигрантлар умумий миқдорда 115 млн рубль бюджетга солиқ тўлаган. Агар бу рақамларни Федерация миқёсида оладиган бўлсак, Марказий Осиёдан бўлган мигрантлар Россия бюджетига миллиардлаб фойда олиб келяпти. Яъни бу иқтисодий ривожланишига, мамлакатнинг барқарорлигини таъминлашга катта ҳисса қўшяпти”, деди Бекмуродов.
Сергей Миронов 2023 йилда ҳам Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг Украинадаги урушда қатнашган ўз фуқароларини жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қонунчилиги сабаб танқид қилганди ва ўшанда ҳам Бекмуродов унга қаттиқ жавоб қайтарган. Яқинда эса Сенат “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни маъқуллаганди. Хўш, Мироновни бу рўйхатга киритиш керакми? Бу саволга жавобан Бекмуродов депутат Миронов сиёсатда катта аҳамиятга эга шахс эмаслигини айтди.
“Миронов сиёсатни шакллантирадиган шахс эмас. У Россияда жамоатчиликнинг фикрини ҳам шакллантира олмайди, ҳатто. Лекин бу унинг гапига эътибор қаратиш дегани ҳам эмас. Албатта, Ўзбекистон жамоатчилиги бундай риторикаларга ўз вақтида ва мутаносиб жавоб бериши керак. Кўпчилик нега палон сиёсатчининг гапига Ташқи ишлар вазирлиги жавоб бермади, дейишади. Йўқ, жавоблар мутаносиб бўлиши керак. Дейлик, битта фракциянинг раҳбари фикр айтдими, биздан ҳам унинг мавқесига тенг одам унга жавоб қайтариши керак. Яъни бутун бошли Ташқи ишлар вазирлигимиз бундай сиёсатчиларнинг гапига жавоб қайтарадиган даражага ўзини тушириши шарт эмас. Ўзбекистон кичик давлат эмас, бизнинг 3000 йиллик давлатчилик тарихимиз бор ва биз ўзимизни шунга мос тарзда тутишимиз керак”, деди у.
LiveБарчаси