Россиялик амалдор Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олишни таклиф қилди (видео)
Олам
−
21 Декабрь 2023
36448Россиялик ёзувчи, “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда у кеча, 20 декабрь куни “Россия Сегодня” халқаро мультимедиа матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очди.
Унинг фикрича, бундай ҳаракат Россиядаги “мигрантлар муаммоси”ни ҳал қилган бўларди.
Шунингдек, Прилепин Владимир Путиннинг Россиядаги президентлик сайловларига номзодини қўллаб-қувватлаган ва россиялик аёллар кўпроқ бола туғиши кераклигини айтган.
“Россияликлар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Бу эса бегоналарнинг ўзини тутишига таъсир қилади”.
Унинг қўшимча қилишича, Россияга меҳнат муҳожирлари қайси мамлакатлардан борса, ўша давлатларни Россия таркибига қўшиб олиш керак.
“Уларни рус тилини бу ерда эмас, ўз юртида, дейлик Ўзбекистонда ўқитиш керак. Мен ҳазиллашаётганим йўқ. Биз Совет Иттифоқининг парчаланишини рад этиш мавзусини кўтарамиз, бу бизга исталган вақтда “Сизнинг икки миллион фуқаронгиз бизнинг ҳудудимизда экан, биз сизнинг ҳудудингизга даъво қиламиз. Чунки кўпчилик аллақачон шу ерда ва улар ҳатто бунга овоз берган” дейишга имкон беради. Киевдаги параддан кейин Евросиё ҳудудида бирор нарса қилишни бизга ким тақиқлайди? Ҳеч ким”, деган Прилепин.
Матбуот анжуманида қатнашаётганлар эса унинг гапини қарсаклар билан қўллаб-қувватлаган.