Россияга нисбатан террор таҳдиди кўпайган – Путин
Олам
−
28 Февраль 2023
8610Россия Президенти Владимир Путин Россия Федерациясига нисбатан террорчилик таҳдиди кучайганига ишора қилди, бу эса Киев ҳамда Ғарбнинг ҳаракатлари билан боғлиқ. Бу ҳақда у бугун, 28 февраль куни Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизматининг ҳайъат йиғилишида сўз очди.
“Террорчилик таҳдидига қарши курашиш вазифаси ҳамон долзарблигича қолмоқда. Охирги бир йил ичида бундай жиноятлар сони ортиб кетди”, дейди давлат раҳбари
Унинг қайд этишича, теракт таҳдиди Киев режимининг террорчилик усулларидан фойдаланишга уринишлари билан боғлиқлиги аниқ.
“Биз буни яхши биламиз, улар Донбассда [бундан] узоқ вақтдан бери фойдаланмоқда”, дейди Президент.
Шунингдек, у террорчилик таҳдидининг кучайишини Ғарбнинг Россия Федерацияси ҳудудида экстремистлар ва террорчилар, уларнинг эски дўстлари ячейкаларини жонлантириш истаги билан боғлади.
“Биз биламизки, улар халқаро терроризмга қарши кураш ҳақидаги баланд овозда баёнотларига қарамай, ўз манфаатлари йўлида ҳам радикаллардан, ҳам экстремистлардан фойдаланишдан ҳеч қачон воз кечмайдилар. Улар ҳар доим бизга қарши қўл остидаги, мумкин бўлган нарсадан фойдаланадилар. Ҳар доим шундай бўлган. Ҳозир ҳам шундай”, дейди Путин.
Унинг қўшимча қилишича, Россияда сепаратизм ва ксенофобиядан фойдаланиб, бу ахлатни фаоллаштиришга уринишлар мавжуд, бунга қарши туриш керак.
“Жамиятимизни парчалаш ва заифлаштиришга уринаётган, сепаратизм, миллатчилик, неонацизм ва ксенофобиядан қурол сифатида фойдаланаётганларнинг ноқонуний фаолиятини аниқлаш ва тўхтатиш керак”, дейди давлат раҳбари.
Унинг урғулашича, юқоридаги саналганлардан ҳамиша Россияга нисбатан қўлланилган ва ҳозирда фаоллашган.
Президент, шунингдек, экстремизмга фаол қарши курашишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги бир йил ичида бундай жиноятлар сони ортган.
Шунингдек, у, Федерал хавфсизлик хизмати олдига Ғарб разведка хизматлари Россия Федерациясига қарши ўз фаолиятини кучайтиргани сабабли контрразведкани кучайтириш вазифасини қўйди.
“Умуман олганда, контрразведка чизиғини кучайтириш керак. Ахир, Ғарб разведка хизматлари Россияда анъанага кўра, доимо фаол ишлаган ва энди улар бизга қарши қўшимча ходимлар, техник ва бошқа ресурсларни йўналтирдилар. Биз бунга муносиб жавоб беришимиз керак”, дейди давлат раҳбари.