Россияга борманг – 4. Омон яна ўзбекларни занжирсимон “судради”

Таҳлил

Истаганича ҳуқуқий чегарадан чиқадиган, мигрантлар сиёсатида қандайдир карт-бланшга эга бўлган ва муҳожирларни астойдил қақшатишга ҳаракат қиладиган Россия кучишлатар тузилмалари бу сафар ҳам ўзбекларни нишонга олди. Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Россиянинг Красноярск ўлкаси, Емельяновский туманида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “Корона” банкет залида уюштирилаётган концертга бостириб кирди. Ички ишлар вазирлигининг вилоят бош бошқармаси, Федерал хавфсизлик хизмати ва Россия Миллий гвардиясининг махсус бўлинмалари ўзбекистонлик хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев концерт бераётган кўнгилочар масканда рейд ўтказиб, 620 нафар меҳмонни, жумладан, 210 нафар хорижликни тинтув қилган. Бу тинтув Россияга хориждан борган чет эл фуқаролари ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиши мумкин бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида ўтказилган. Қайси соғлом ақлга тўғри келади бу изоҳ. Кўнгилочар масканда гиёҳванд моддаларга рейд? Бу нимаси? Боз устига текширувлар натижасида уларда тақиқланган бирор буюм ёки моддалар топилмаган ҳам. Шундай бўлса-да, 26 нафар хорижлик полиция бўлимига олиб кетилган. Улардан саккиз нафари Россияда ноқонуний бўлгани аниқланган. 

Рейддан сўнг полиция ходимлари томонидан чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Россияга кириш ёки у ерда бўлиш, шунингдек, иммиграция қоидаларини бузганлик учун жами 19 та маъмурий баённома тузилган. Бундан ташқари, Россия Жиноят кодексининг 322.3-моддаси (чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни ноқонуний рўйхатга олиш) бўйича учта иш тўпланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари давом этаётгани айтилди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги эса ушбу ҳолатга тезкор реакция кўрсатди. Агентлик томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида лицензияга эга адвокат воқеа жойига юборилди. Мазкур ҳолат Россия Федерациясининг амалдаги қонунчилиги доирасида ўрганилаётгани маълум қилинди. 

Россиядан ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш талаб қилинди 

Россия Федерацияси миграция қонунчилигини бузиш ҳолатларини аниқлаш ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши рейд ўтказилгани юзасидан Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги консуллиги ҳам муносабат билдириб, ҳолат бўйича расмий маълумотларни очиқлади. Унга кўра, текширув давомида Ўзбекистон Республикасининг 8 нафар фуқароси РФда бўлиш қоидаларини бузганлиги аниқланган. Улардан 4 нафарга нисбатан маъмурий жарима ва мамлакатдан чиқариб юбориш чоралари қўлланган, қолган 4 нафари эса Красноярск ўлкасидаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. 

Новосибирск шаҳридаги Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонаси тезкор тарзда ушбу фуқароларга зарурий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўраётгани таъкидланди. Консулликнинг маълум қилишича, Ўзбекистон фуқаролари иштирок этган ушбу концерт Красноярск ўлкасининг тегишли ташкилот ва идоралари билан белгиланган тартибда келишилмаган бўлиб, айнан шу ҳолат ҳам мазкур текширувга асос бўлган омиллардан бири сифатида кўрсатилган. Шунингдек, Бош консулхона илгари Новосибирск шаҳрида ўтказилган худди шундай концерт шаҳар расмий ҳокимияти билан олдиндан келишилган, тўла залда ўтган ва томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинган. 

Эътиборлиси, Красноярскдаги концерт Россия фуқаролигига эга бўлган шахслар томонидан шахсий тартибда ташкил этилган ҳамда бундай тадбирлар учун махсус жиҳозланмаган бинонда ўтказилган. Аммо шундай бўлишига қарамай, Бош консулхона фикрича, Красноярск ўлкасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган бундай рейдлар ҳуқуқий асосга эга бўлиши ва маданий ҳордиқ чиқаришга тўсқинлик қилмаслиги лозим. Шу ўринда, Новосибирск шаҳридаги Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонаси Россия куч тузилмалари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида барча зарур ҳужжатларни Красноярск ўлкасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этган. 

Ҳа, ўта хунук ва ачинарли ҳолат. Аммо энг ёмони шундаки, бундай жараёнлар сурункали тарзда давом этмоқда. Аввал оммавий ҳаммомда, кейин умумий ётоқхонада, энди эса тинчгина базм уюштирилаётган банкет залда. Кейинги манзил қаерда? Очиғини айтганда ОМОН бостириб кириб бормаган фақат муҳожир эр-хотинларнинг ётоғи қолди. Уят. Бу муҳожирлар учун уят эмас. Бу Россия ҳуқуқ тизими ва хавфсизлик тузилмалари учун шармандаликдир. Уят. Бундай иш тартиби билан ҳеч қандай обрў қозониб бўлмайди. Уят. 

Шу ҳам иттифоқчими? 

Ўзбекистон ва Россия ўзаро дипломатик муносабатларда юқори даражадаги алоқага эга. Москва ва Тошкент 20 йилдан буён иттифоқчиси ҳисобланади. Аммо ўзбекларга Россияда қилинаётган шафқатсиз хатти-ҳаракатларга четдан назар солинса, бу икки давлатни ҳеч ким иттифоқчи деб ўйламайди. Сўнгги пайтларда бу даражадаги юқори алоқалар фақат қоғозда қолди-ми, деган савол ўртага чиқмоқда. Бу ишончсизлик эса Россиядаги ҳуқуқсизлик, инсон ҳуқуқларини таъминлаши ва уни назорат қилиши лозим бўлган органларнинг “каромати” билан шаклланмоқда. Бу йил ҳисобига кўра Ўзбекистон Россияга 3 та юборди. Нота нималигини эса жуда яхши биласиз. Бу табрикнома эмас. Жуда муҳим, ўта жиддий муаммоли воқелик юзасидан қилинадиган ўзига хос норозилик ёки талаб кўринишидаги хат. Ўзбекистон шароитида Россияга нота юборишга келсак, расмий Тошкент ёки мамлакатнинг Россиядаги ваколатхоналари Ўзбекистон фуқаролари оёқости қилингандагина шундай қадам ташлашга мажбур бўлади. 

Энди шу ўринда савол туғилади. Қайси замонда бир давлат ўзига иттифоқчи бўлган мамлакатга 9 ой ичида 3 та нота юборганини кўргансиз? Шу иттифоқчиликми? Россия иттифоқчилик ва яқин дўстликка ярайдими? Қачон бу давлатда ҳуқуқ-тартибот идоралари одамга ўхшаб ишлашни бошлайди? Улар ҳозир амалга ошираётган ишлар Грозний давридан Совет Иттифоқида Хрушчёв давригача қилинган террорнинг юмшоқ ва замонавий варианти эмасми? XXI асрда муҳожирларни эмаклатиб, уларни худди қулдек, қўлларини бир-бирининг елкасига қўйдириб, жонли занжирдек қаторлаштириб текшириш инсонийликка зид эмасми? Бу муҳожирларга қилинаётган ғайриинсоний қадриятлар, инсон шаъни ва қадр-қимматини топташ Кремлдаги империалистик тафаккурдаги сиёсатчилар ҳамда вазирлар томонидан сиёсий доирага ҳам кўчирилгани янада ачинарли. 

Сўнгги кунларда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида АҚШга 100 дан ортиқ дунё лидерлари ташриф буюрган. Шулар ичида Президент Дональд Трамп Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевни алоҳида эътироф этиб, у ҳақда катта постлар ёзди. Трамп Шавкат Мирзиёев билан учрашишга вақт топди. Шимолда Ўзбекистонга иттифоқчи деб оғиз кўпиртириб айтиладиган давлатнинг Ташқи ишлар вазири эса вақти келганда ўзбекистонлик мавқедоши билан қучоқлашиб кўришишни ҳам ўзига эп кўрмаганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Россия Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Москва Дональд Трамп БМТ Красноярск миграция Совет Иттифоқи муҳожирлар ОМОН “Корона” иттифоқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг