Россиядан Ўзбекистонга олиб келинаётган қўзиқоринда кучли радиактив модда аниқланди

Олам

−

image

Россиянинг Домодедово аэропортида Ўзбекистонга учиб келаётган 32 ёшли йўловчининг юкидан таркибида радиоактив модда бўлган 31 килограмм қуритилган оқ қўзиқорин топилди. Бу ҳақда Россия божхона хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, йўловчи умумий оғирлиги 31 килограмм бўлган қутини багажга топширган. Юкни текшириш вақтида радиоактив ва бўлинувчи материалларни аниқлашга мўлжалланган “Янтарь” тизими ишга тушган.

Божхона ходимлари қутини очиб, унда ишлаб чиқарувчи корхонанинг қадоқларига жойланган қуритилган оқ қўзиқоринларни топган. Махсус радиометр-спектрометр ёрдамида ўтказилган дастлабки текширувда маҳсулотдаги табиий радиация фони меъёрдан 10 баравардан кўпроқ юқори экани аниқланган. Шунингдек, таркибида цезий-137 радионуклиди борлиги қайд этилган.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан Россия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги соҳасини назорат қилиш федерал хизмати – Роспотребнадзорга хабар берилган. Идора қарори билан қўзиқоринлар кўмиб ташланиши лозим бўлган радиоактив чиқинди деб топилган.

Шунингдек, маҳсулотни ишлаб чиқарган корхонага нисбатан чоралар кўрилган. Қуритилган оқ қўзиқоринлар учун берилган Евроосиё иқтисодий иттифоқи мувофиқлик декларацияси бекор қилинган, ушбу ҳужжат асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни сотиш тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида Хитойдан юборилган қарийб 25 кг наркотикни қабул қилиб олаётганлар қўлга тушгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг