Россиядан олиб чиқиш вақтинча тақиқланган товарлар рўйхати белгиланди
Олам
−
10 Март 2022
21760Бугун, 10 март куни Россия Федерацияси Вазирлар Маҳкамаси мамлакатга аввал хориждан олиб келинган, олиб чиқиш вақтинча тақиқланган товарлар ва жиҳозлар рўйхатини белгилади. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.
“Рўйхатга технологик, телекоммуникация, тиббий асбоб-ускуналар, автотранспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги техникаси, электр жиҳозлари – жами 200 дан ортиқ номдаги, жумладан, темир йўл вагонлари ва локомотивлари, контейнерлар, турбиналар, металл ва тошни қайта ишлаш машиналари, мониторлар, проекторлар, пульт ва панеллар", дейилади баёнотда.
Чеклов 2022 йил охиригача амал қилади.
"Ушбу чора Россия бозорида барқарорликни таъминлаш учун зарур", деб таъкидламоқда Вазирлар Маҳкамаси. Қарор Президентнинг “Россия Федерацияси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташқи иқтисодий фаолият соҳасида махсус иқтисодий чора-тадбирларни қўллаш тўғрисида”ги фармони ижросини бажариш мақсадида қабул қилинган.
ЕОИИ, Абхазия ва Жанубий Осетия учун истисно
Вазирлар Маҳкамасида таъкидланганидек, "ушбу товарларнинг экспорти вақтинча барча хорижий давлатларга чекланган", Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) давлатлари, (тан олинмаган) Абхазия ва Жанубий Осетия бундан мустасно.
“Истисно ҳолатлари учун ҳукуматнинг алоҳида қарори билан тасдиқланган экспортга рухсат бериш тартиби амал қилади”, дейилади баёнотда.
Аниқланишича, ЕОИИ мамлакатларига, (тан олинмаган) Абхазия ва Жанубий Осетияга товарларни экспорт қилиш учун рухсатномалар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Саноат ва савдо вазирлиги, Рақамли ривожланиш вазирлиги ва Табиий ресурслар вазирлиги томонидан берилади.
Президент фармони
Жорий йилнинг 8 март куни Россия Президенти Владимир Путин ўз фармони билан 2022 йилда ҳукумат белгилаши керак бўлган рўйхатлар бўйича мамлакатдан экспорт ва унга айрим маҳсулот ва хомашё импортини чеклаш ёки тақиқлаш ҳақида кўрсатма берган эди. Шу билан бирга, белгиланган чора-тадбирлар фуқаролар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб ўтиладиган юкларга тааллуқли эмаслиги белгиланди.
Ҳукуматга икки кун муддатда мазкур қарорлар таъсир ўтказувчи хорижий давлатлар рўйхатини аниқлаш топширилди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасига маҳсулотларнинг айрим турларига ҳамда айрим юридик ёки жисмоний шахсларга нисбатан фармонда назарда тутилган чора-тадбирларни қўллашнинг ўзига хос хусусиятларини белгилаш ваколати ҳам юкланган.
Янги қарорлар Россия Федерацияси Президентининг олдинги фармонларида назарда тутилган чора-тадбирларга қўшимча равишда қабул қилинди. Унга кўра, илгари АҚШ ва уларга қўшилган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг нодўстона хатти-ҳаракатлари муносабати билан махсус иқтисодий чора-тадбирлар белгиланди. Шунингдек, Россиянинг молиявий барқарорлигини таъминлаш учун иқтисодий характердаги вақтинчалик чоралар ишалб чиқилди.
Давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу фармонни қуйидагича шарҳлаган:
“Россия Федерациясига турли ишлаб чиқариш занжирлари учун кўплаб материаллар ва хомашёлар олиб келинган, баъзи компаниялар ўз шартномаларини бажаришни чекламоқда ва бундай материалларни мамлакатдан олиб чиқишга тақиқ жорий этилган”.
LiveБарчаси