Россиядаги боғча ва мактабларда янги вирус тарқалди
Олам
−
05 Ноябрь
3732Россиядаги болалар боғчаси ва мактабларда Коксаки вируси тарқала бошлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Маълум бўлишича, касаллик ҳолатлари Москва ва Владимир вилоятларида, шунингдек, Краснодар ўлкасида қайд этилган. Ота-оналар инфекцияни Туркиядан қайтган сайёҳлар олиб келган бўлиши мумкинлигидан хавотирда.
Владимирда боғчалардан биридаги болаларнинг оналари айтишича, уларнинг гуруҳига вирусли болани олиб келишган, шундан сўнг барча уч ёшли болалар касал бўлиб қолган.
Болаларнинг оғзида дастлаб яралар пайдо бўлган, кейин эса таналарида тошма тоша бошлаган. Маҳаллий шифохонадаги ота-оналарнинг сўзларига кўра, шифокорлар уларга бу Коксаки вируси эканини айтган.
Краснодар ўлкасида ҳам вирус кенг тарқала бошлаган. Касал болаларнинг ота-оналарига кўра, камида битта мактаб ўқувчисига шифохонада Коксаки ташхиси қўйилган.
“Биз Краснодар ўлкасида яшаймиз, бу ерда сайёҳлар кўп бўлади. Жияним ММА мусобақасида эди, балки ўша ерда юқиб қолгандир. Қишлоғимизда ҳозир 11 ёшгача бўлган кўплаб болаларнинг оёқ-қўлларида шишлар пайдо бўлиб, иситмаси кўтарилиб, оғизларида стоматитга ўхшаш нарса бор" деган Краснодар аҳолиси.
Аввалроқ Туркиянинг Анталия шаҳрида Коксаки вирусига ўхшаш вирус тарқалганди.
Маълумот учун, Коксаки вируси энтеровируслар оиласига мансуб бўлиб, уларнинг баъзилари инсонларда турли инфекцияларни келтириб чиқариши мумкин. Кўпинча одамлар ифлосланган маҳсулотлар, уй-рўзғор буюмлари, сув орқали Коксаки вирусини юқтиради. Аммо инфекция вирус ташувчисидан ҳаво томчилари орқали соғлом одамга ҳам юқади.
Тахминан 10 ёшгача бўлган болалар инфекцияга энг мойил қатлам саналади. Катталар камдан-кам ҳолларда ушбу касалликка чалинади. Коксаки вируси учун аниқ даво мавжуд эмас ва кўп ҳолларда касаллик ўз-ўзидан ўтиб кетади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россиянинг икки минтақасида коронавирус инфекциясининг янги ХEС штамми билан боғлиқ иккита ҳолат қайд этилганди. У омикрон ва FLiRT субвариантларига ўхшаш аломатларга эгалиги ҳақида хабар берилганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси