Россиядаги ҳибсхонада туғилган қизалоқ Ўзбекистонга олиб келинди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги бош консулхонаси томонидан Россиядаги ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда Ёқутистон – Саха Республика оилавий тарбияга кўмаклашиш марказида яшаётган 1 ёшли С.М. ватанга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Россиянинг Саха Республикаси (Ёқутистон)да меҳнат фаолиятини юритаётган ўзбекистонлик хатога йўл қўйиб, жиноий жавобгарликка тортилган. У ўта йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига алоқадорлиги учун Ёқутистон шаҳар суди томонидан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. Унинг фарзанди ҳибсхонада туғилган. Қизалоқ туғилгандан сўнг Республика оилавий тарбияга кўмаклашиш марказига топширилган.

Маҳкума аёлнинг онаси болани олиб кетиш учун Саха Республикасига борган ва Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бош консулхона томонидан Россия Ташқи алоқалар ва халқлар ишлари вазирлиги Ёқутистон округи маъмуриятининг Васийлик ва ҳомийлик департаментига алоқага чиқилган. Департамент билан болани бувисига бериш бўйича мулоқот амалга оширилган. Қизчани бувисига қайтариш бўйича бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро конвенциялар асосида тегишли ҳужжатлар тайёрланган.

Шундан сўнг, Бош консулхона томонидан болани Ўзбекистонга қайтариш учун махсус сертификат расмийлаштирилган. Россия ҳукумати кўмагида қизча белгиланган тартибда бувисига топширилган.

Ёқутистондаги ўзбек диаспораси фаоллари кўмагида буви ва набирага Ёқутистон–Новосибирск–Тошкент йўналиши бўйича авиачипталар харид қилиниб, эсон-омон Ўзбекистонга қайтарилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мьянмада одам савдоси қурбонига айланган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари Таиланддаги дипломатик ваколатхоналар кўмагида ватанга қайтарилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ёқутистон Владивосток

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг