Россияда заҳарланган 69 ўзбекистонликнинг аҳволи оғир
Олам
−
21 Июль 2019
6511Аввалроқ, Самара вилоятида жойлашган “Кошелевский посад” корхонасида ишлайдиган 68 нафар ўзбекистонлик “номаълум моддадан заҳарланиш” ташхиси билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консули Фариддин Насриев ва Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Москва шаҳридаги Ваколатхонаси раҳбари Саиднўмон Мансуров “Кошелевский посад” корхонасида ишлайдиган Ўзбекистон фуқароларининг заҳарланиш белгилари билан шифохонага ётқизилиши тафсилотларини аниқлаш учун Самара вилоятига ташриф буюрдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизматидан хабар қилинмоқда.
Мазкур ташриф доирасида вакиллар ўзбекистонликлар даволанаётган В.Д.Середавина номидаги Самара вилояти клиник шифохонасига ва 1-сонли Толяттинск шаҳар клиник шифохонасида бўлиб, беморлар ҳолидан хабар олганла.
Маълум бўлишича, шифохонада даволанаётган Ўзбекистон фуқароларининг жами сони 69 нафар, жумладан 1 нафар бола бўлиб, улардан уч нафари жонлантириш бўлимида қолмоқда. Уларнинг ҳолати барқарор-оғир. Айни пайтда заҳарланиш сабабларини аниқлаш учун текширув олиб борилмоқда.
Шунингдек, мазкур ҳудуд, вилоят соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари, тиббиёт муассасалари бошлиқлари ва “Кошелевский посад” корхонаси директори билан учрашувлар ўтказилган.
Учрашув ва музокаралар якунларида қуйидаги келишувларга эришилган:
- беморларни даволаш билан боғлиқ барча харажатлар иш берувчи ҳисобидан қопланади;
- Ўзбекистон фуқароларининг паспорт ва меҳнат патентлари эгаларининг қўлларига топширилади?
- фуқароларнинг овқатланиш ва яшаш шароитларини қўшимча яхшилаш бўйича чоралар кўрилади?
- иш ҳақи миқдорини ошириш масаласи кўриб чиқилади.
Вазият Бош консулхона назоратида тургани айтилмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти шуни эслатадики, Россиянинг Волга бўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород вилояти, Оренбург вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Самара вилояти, Саратов вилояти, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов вилояти, Чувашия Республикаси) ҳудудидаги ўзбекистонликлар зарур вазиятларда мамлакатнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-967-772-66-00.