Россияда яна беш киши “хорижий агент” деб эълон қилинди
Олам
−
13 Апрель
7642Россия Федерацияси Адлия вазирлиги яна беш кишини “хорижий агентлар” реестрига киритди. Бу ҳақда вазирлик сайтида маълум қилинди.
Ушбу рўйхатга журналистлар – Илья Барабанов, Ася Казанцева ва Иван Филиппов, ҳуқуқ ҳимоячиси Иван Асташин, “Яблоко” партияси депутати Николай Кузьмин киритилган.
Шунингдек, 2023 йилнинг ёзида чет эл агенти сифатида тан олинган журналист Андрей Караулов томонидан ташкил этилган "Иноагент АВК" МЧЖ ҳам киритилган.
“Meduza” нашрига кўра, яқинда Денис Коротков билан ҳаммуаллифлик қилган Илья Барабанов “Вагнер” ҳақидаги китобини нашр этган. Адлия вазирлигининг расмий сайтидаги баёнотда айтилишича, журналист урушга қарши чиққан, шунингдек, Россия Федерацияси ҳукумати томонидан қабул қилинган қарорлар ва улар олиб бораётган сиёсат ҳақида "нотўғри маълумот" тарқатган.
Россияда "хорижий агентлар" тўғрисидаги қонун
Россияда "хорижий агентлар" тўғрисидаги қонун 2012 йилда пайдо бўлган. Ўшандан бери бир неча юзлаб ташкилотлар ва шахслар тақиқ рўйхатига киритилган.
Жисмоний шахслар – “хорижий агентлар” реестри 2022 йил апрель ойи бошида ишга туширилган. 2022 йил декабрь ойидан бошлаб қонун "чет элдан ёрдам оладиган" ва "хорижий таъсир остида" бўлганларни "хорижий агентлар" деб эълон қилиш имконини берди.
2024 йил февраль ойининг охирида Давлат Думаси “хорижий агентлар” рекламасини тақиқловчи қонунни қабул қилди. Унга кўра, ташкилотларга Россия расмийлари томонидан “хорижий агент” деб тан олинган ҳар қандай шахсни реклама қилиш ва уларнинг ресурсларида ўзини реклама қилиш тақиқланади.
Тақиқни бузганлик учун жисмоний шахслар учун 50 минг рублгача ва юридик шахслар учун 500 минг рублгача жарима солинади.
11 март куни Россия Президенти Путин Россия фуқаролари ва компанияларига “хорижий агентлар” ресурсларида – уларнинг веб-сайтларида, ижтимоий тармоқларида, блогларида ва бошқа платформаларида реклама жойлаштиришни тақиқловчи қонунни имзолади.
Ҳужжат, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва интернетда “хорижий агентлар”нинг ўз ресурсларини реклама қилишни тақиқлайди.
2 апрель куни “хорижий агентлар”нинг сайловларда иштирок этишини тақиқловчи қонун лойиҳаси Давлат Думасига кўриб чиқиш учун киритилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь