Россияда WSJ мухбири 16 йилга қамалди
Олам
−
19 Июль
3927Свердловск вилоят суди америкалик “Wall Street Journal” мухбири Эван Гершковични 16 йилга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Гершкович Эван айбдор деб топилиб, 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини қатъий режимли колонияда ўташга тайинлансин”, дейилади суд ҳукмида.
“Wall Street Journal” мухбири Москвадаги Лефортово суди қарори билан жосуслик иши бўйича ҳибсга олинган. Аввалроқ прокуратура унга 18 йил қамоқ жазосини сўрагани хабар қилинган эди. Гершкович эса жосуслик бўйича жиноий ишда айбини тан олишдан бош тортди.
Айни пайтда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналист иши бўйича суд мажлислари махфийлиги сабабини тушунтирди.
“Бу ерда жосуслик айблови бор, бу жуда-жуда нозик соҳа, шунинг учун судья ёпиқ режимни танлади”, дейди у.
Гершкович 2023 йил 30 март куни Екатеринбургда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган эди. У Совет давридан бери Россияда ҳибсга олинган биринчи ғарб журналисти бўлди.
Россия томонининг таъкидлашича, мухбир 2023 йил март ойида Марказий разведка бошқармаси кўрсатмаси билан “Уралвагонзавод” мудофаа корхонаси фаолияти тўғрисида махфий маълумотларни йиғиш учун Екатеринбургга келган ва у, хусусан, ҳарбий техника ишлаб чиқариш ва таъмирлашга оид маълумотларга қизиққан.
Америка ҳукумати Гершковичнинг ҳибсга олинишини ноқонуний деб атади ва унинг озод этилишини талаб қилишига ишонтирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь