Россияда ўзбекистонликлар қул қилиб сотилгани аниқланди
Олам
−
23 Август 2023
11397Россиянинг Ставропол вилоятида икки нафар ўзбекистонликни қул қилиб ишлатганлар қўлга олинди. Бу ҳақда SHOT Теlegram-каналида хабар берилди.
Манбага кўра, Шпаковский туманидаги Авиатор қишлоғида яшовчи 71 ва 52 ёшли икки эркак ҳамда 31 ёшли аёл номаълум шахслардан Россияда ноқонуний яшаб келган ўзбекистонлик 31 ёшли эркак ва 27 ёшли аёлни 20 минг рублга сотиб олган.
Пенсионер эркак бошчилигидаги жиноий шериклар ўзбекистонликларни 6 ой давомида деҳқончилик қилишга мажбурлаб келган. Мазкур ҳолат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан аниқланиб, икки киши ҳибсга олинган, уларнинг учинчиси эса июль ойи охирида вафот этгани аниқланган.
71 ёшли фуқарога нисбатан “Одамни ўғирлаш билан боғлиқ бўлмаган қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш” ва “Ноқонуний миграцияни ташкил этиш” моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилиб, тергов изоляторига жойлаштирилган. 31 ёшли аёл эса ҳозирда уй қамоғига олинган. Айни пайтда одам савдоси билан шуғулланаётганлар қидирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ одам савдоси қурбони бўлган қанча фуқаро Ўзбекистонга қайтарилгани очиқланган эди. Унга кўра, чет элда қийин вазиятларда қолган, масалан, одам савдоси қурбони бўлган ёки ишсиз, боқувчисиз қолган ва бошқа мураккаб ҳолатга тушиб қолган 523 нафар фуқаро ватанга қайтарилган. Шундан 113 нафари вақтинча сақлаш муассасаларидан олиб чиқилган.
LiveБарчаси