Россияда ўзбекистонлик талабалар ётоқхоналардан чиқариб юбориляптими?
Жамият
−
17 Март 2020
9654Ўзбекистонлик талабаларнинг Россияда яшаши ва мамлакат ҳудудида бўлиши бўйича ҳеч қандай тақиқ ёки чекловлар мавжуд эмас. Шунингдек, уларнинг ётоқхоналардан чиқариб юборилаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳам ҳақиқатга зид. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
“Россия олий таълим муассасаларида коронавирус инфексияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўзбекистонлик талабаларни ётоқхоналардан чиқариб юборилаётгани тўғрисидаги Баъзи оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда 2020 йил 16 март куни тарқалган маълумотлар бўйича Элчихона қуйидагиларни маълум қилади.
Дипломатик ваколатхона маълумотларига кўра, Россия Федерацияси расмий органлари томонидан мамлакат олий таълим муассасаларида ўқиётган ўзбекистонлик талабаларга нисбатан уларнинг яшаши ва/ёки мамлакат ҳудудида бўлишини чеклаш бўйича қарорлар қабул қилинмаган. Таълим муассасалари ректорларига Россия Фан ва олий таълим вазирлигидан ўзбекистонлик талабаларни ётоқхоналардан чиқариб юборишни назарда тутувчи тавсиялар ёки кўрсатмалар берилмаган.Элчихона ватандошларимиздан ваҳимага берилмасдан хотиржамликни сақлаш, Россия Ҳукуматининг COVID-2019 коронавируси тарқалишининг олдини олишга қаратилган тавсияларини бажариш, яшаш жойларини тарк этмаслик ва олий ўқув юртлари раҳбарияти белгилаб берган шаклда таълимни давом эттиришини сўрайди”, дейилади хабарда.
Жорий йилнинг 16 март куни давлат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида, Россия Ҳукумати 2020 йил 18 мартдан 1 майга қадар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясига киришини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ушбу чекловлар Россиядаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ходимлари, халқаро автомобиль транспорти воситалари ҳайдовчилари, ҳаво, дарё ва денгиз кемалари экипажлари ходимлари, халқаро темир йўл алоқасининг поезд ва локомотив бригадалари, расмий делегациялар аъзолари ва дипломатик, хизмат визалари, яқин қариндоши вафот этганлиги туфайли берилган визаларга эга шахслар, Россия Федерацияси ҳудудида доимий яшовчи шахслар, шунингдек, ҳаво ўтиш пунктлари орқали транзит билан ўтадиган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Элчихона фуқароларга Россия Ҳукуматининг юқорида қайд этилган қарорини инобатга олишни қатъий тавсия қилмоқда ва Россия ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги ва Россия ҳудудларидаги дипломатик ваколатхоналарига (манзиллар ва алоқа учун маълумотлар ҳаволада жойлаштирилган) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Оператив штаби
Оператив штаб телефонлари: +998 71 233 28 28, +998 97 136 51 51 (мобил)
Cалл cентер – 1164
Телеграм: +99897 136 51 51
ТИВ электрон почтаси: info@mfa.uz
LiveБарчаси