Россияда Ўзбекистон фуқароси оғир аҳволда яшаётгани айтилди. Миграция агентлиги муносабат билдирди
World
−
17:50 1666 2 minutes
Россияда оғир аҳволда қолган ва ўзини ўзбекистонлик деб таништирган Бахтиёр Мўминов Ўзбекистон эмас, Россия фуқароси экани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда аввалроқ тарқалган видеода кўчада оғир аҳволда қолган эркак ўзини Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидан эканини айтган. У суҳбат давомида Ўзбекистонда ўғли ва қизи қолганини, улар унинг кўчада яшаётганидан хабардор эканини маълум қилган. Видеода эркак билан суҳбатлашган шахс унга ёрдам беришга ҳаракат қилгани кўринган. У эркакнинг яқинлари билан боғланишни таклиф қилган.
Қайд этилишича, мазкур видеодан сўнг Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари воқеа жойига чиқиб, шахсга оид маълумотларни ўрганган.
Текширув натижасида Бахтиёр Мўминов 1990-йилларда оиласи билан Россияга кўчиб кетгани ва кейинчалик ушбу давлат фуқаролигини қабул қилгани аниқланган. Унинг Россия фуқароси экани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳам тасдиқланган.
Шунингдек, унинг яқин қариндошлари ҳам Россия фуқароси эканини маълум қилинган.
“Миграция агентлиги хорижда оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ўз ваколатлари доирасида амалий ёрдам кўрсатади”, дейилади агентлик ахборотномасида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Екатеринбург шаҳрида оғир моддий аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаросига мамлакатга қайтишида ёрдам кўрсатилгани ҳақида хабар берилган эди.