Россияда урушдан қочган маҳбуслар қаттиқроқ жазоланиши мумкин

Олам

image

Россияда жанговар ҳаракатларда қатнашаётган собиқ маҳбуслар хизмат жойини ўз хоҳиши билан тарк этса ёки белгиланган жойга хизматга келмаса, уч йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлиги томонидан қонун лойиҳаси тайёрланди.

Вазирлик тайёрлаган лойиҳага мувофиқ, хизматни сабабсиз тарк этиш ёки икки кундан ўн кунгача хизмат жойига келмаслик собиқ маҳбусларга икки йилдан олти йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин. Бир ой давомида хизматга келмаслик эса уч йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар собиқ маҳбуслар қурол билан ёки гуруҳ бўлиб қочса, уларга ўн йилдан ўн икки йилгача қамоқ жазоси белгиланади.

Шунингдек, касалликни сохталаштириш, ўзига атайлаб жароҳат етказиш ёки ҳужжатларни қалбакилаштириш учун ҳам етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш таклиф этилмоқда. Адлия вазирлиги вакилларининг изоҳича, бу ўзгартиришлар шартли равишда жазодан озод қилинган ёки уларга оид жиноят иши вақтинча тўхтатилган шахсларга нисбатан кўпроқ хавф туғдиради, чунки улар аллақачон жиноят содир этган ҳисобланади.

Юридик ассоциация вакили Игорь Черепановнинг таъкидлашича, бундай шахслар аслида рецидивист (илгари жиноят содир қилиб, жазога ҳукм қилинган, кейин яна жиноят содир қилган шахс) ҳисобланади, шунинг учун уларга нисбатан санкциялар оддий ҳарбий хизматчиларга нисбатан қаттиқроқ бўлиши табиий.

Маълумот учун, 2022 йилнинг сентябрь ойида Президент Владимир Путин ҳарбий хизматчилар учун дезертирлик ва асирлик учун жазоларни оғирлаштирган қонунни имзолаган эди. Унда кўнгилли равишда асирга тушиш учун уч йилдан ўн йилгача қамоқ жазоси белгиланди, талончилик учун эса ўн беш йилгача қамоқ жазоси жорий қилинди. Хизмат жойини тарк этиш учун ҳам сафарбарлик ва ҳарбий ҳолат даврида оғирроқ жазолар белгиланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Игорь Черепанов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг