Россияда уруш бошланганидан бери тобутлар ва қабр қазиш нархи ошиб кетди
Олам
−
06 Декабрь
5715Совет давридан бери армияга қилинган рекорд харажатлар туфайли Россия иқтисодига зарар етказган ҳарбий инфляция дафн маросими хизматлари бозорига зарба берди. Бу ҳақда “Moscow Times” хабар берди.
Унга кўра, Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери тобут ясаш нархи 74 фоизга ошган. Шундай қилиб, Россия Федерациясида 2022 йил январидаги бир тобутнинг ўртача нархи 4 минг 437 рубль бўлган бўлса, 2024 йил октябрь ойида бу нарх 7 минг 711 рублни ташкил этган.
“Тобутлар нархининг тез ўсиши Украинага бостириб киришнинг дастлабки ойларида бошланган: 2022 йил февраль-август ойларида уларни ишлаб чиқариш 12 фоизга ёки 548 рублга ошди. Мобилизация эълон қилинганидан кўп ўтмай дафн инфляциясининг янги босқичи бўлиб ўтди: агар 2022 йил сентябрь ойида битта тобут 4 минг 998 рублни ташкил этган бўлса, 2023 йил февраль ойида у 6 минг 669 рубль, яъни 33 фоиз қимматроқ эди”, дейилади хабарда.
Умуман олганда, 2022 йилда тобутлар 48 фоизга, 2023 йилда деярли 12 фоизга, 2024 йилнинг 9 ойида эса яна 10 фоизга қимматлашган. Баъзи ҳудудларда тобутларнинг нархи бир неча марта кўтарилган. Масалан, Сахалинда 181 фоизга, Омск вилоятида 162 фоизга, Тамбов ва Смоленск вилоятларида мос равишда 104 ва 103 фоизга ошган.
Росстат статистик маълумотларига кўра, қабр қазиш нархи ҳам аста-секин ўсиб бормоқда. 2022 йил январь ойида бу хизмат 7 минг 692 рубль, 2024 йил октябрь ойида эса 9 минг 974 рублни ташкил этган. Шу билан бирга, қабр қазиш бўйича рекорд нарх – 10 минг 187 рубль 2024 йил февраль ойида қайд этилган.