Россияда теракт қилишга уринган 4 нафар сурхондарёлик йигит қамалди
3-саҳифа
−
08 август 5299 3 дақиқа
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида яшовчи тўрт нафар шахс Россияда яширин гуруҳ таркибида террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилиш, тақиқланган материалларни тарқатиш ҳамда террорчилик фаолиятига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилиб, ҳар бири 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида яшовчи, 2003 йилда туғилган шахс 2023 йилда мавсумий ишлаш мақсадида Россия Федерациясининг Доғистон Республикаси Маҳачқала шаҳрига борган. У ерда лақаби “Муҳаммад” бўлган маҳалладош тенгдоши билан яқин алоқага киришиб, ижтимоий тармоқлар орқали ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган видео материалларни кўриши натижасида онги заҳарланган.
Кейинчалик икковлон ўз сафларига 2005 йилда туғилган яна бир маҳалладошини жалб қилиб, Сурияга боришни режалаштирган. Сафар харажатлари учун эса улардан бири ҳатто Россияда меҳнат мигранти сифатида ишлаётган оила аъзолари жамғарган маблағнинг бир қисмини рухсатсиз олиб чиққан.
Сўнгра “Маҳачқала – Москва” йўналишидаги автобусда манзилга йўл олган. Бу сафарда улар “Москва – Истанбул” авиайўналишида Туркияга, сўнгра Сурияга бормоқчи бўлган.
Бироқ, Москвада юзага келган ўзаро келишмовчилик сабабли, уларнинг икки нафари ортга қайтган. “Муҳаммад” эса Қозон шаҳрида қотиллик содир этиб, Россия қонунчилигига асосан жиноий жавобгарликка тортилган.
Бу орада гуруҳнинг 2005 йилда туғилган аъзоси Ўзбекистонга депортация қилинган ва Жиноят кодексининг 244-1 (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-2-(Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун суд ҳукми билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Маълум қилинишича, шундан сўнг ҳам гуруҳ фаолияти тўхтамаган. Аксинча, Маҳачқала шаҳрида ишлаётган, 1999 ва 2001 йилларда туғилган икки нафар сариосиёлик ушбу яширин гуруҳга қўшилиб, террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилиш билан шуғулланган ҳамда келгусида жангарилар сафида қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишни режалаштирган.
Манбага кўра, 2025 йилнинг сентябрь ойида гуруҳ фаоллиги кучайиб, аъзолар Маҳачқала шаҳрида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қарши жиноий ҳаракатлар амалга оширмоқчи ҳам бўлган. Бундан ташқари, Сариосиё туманида истиқомат қилаётган, 2004 йилда туғилган фуқарони ҳам ижтимоий тармоқлар орқали ўз сафларига жалб қилган.
Якунда эса ДХХ ва Россия Федерацияси ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор қидирув-тадбирларида ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. Тергов жараёнида эса жиноятлари ўз исботини топган.
Билдирилишича, ЖИБ Сариосиё туман суди ҳукмига кўра, 4 нафар шахснинг барчаси Жиноят кодексининг 155-2 (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш), 244-1 (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-2-(Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Live
БарчасиСариосиёда террористик гуруҳ ушланди
08 август
Хитойдаги фестивалда 16 киши куйиб қолди
08 август