Россияда спиртли ичимликдан заҳарланиб вафот этганлар сони 30 нафарга етди
Олам
−
06 Июнь 2023
5108Аввалроқ Россиянинг турли вилоятларида “Мистер сидр” спиртли ичимлигидан заҳарланиш оқибатида 20 га яқин одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар бергандик. Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони яна ортиб, 30 нафарга етган. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, Россиянинг Ульянов вилоятида заҳарланишдан вафот этганлар сони 20 нафарга етган.
"Ульянов вилояти шифокорлари заҳарланишдан жабрланганларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш учун қўлларидан келганини қилмоқдалар. Сўнгги маълумотларга кўра, минтақада алкоголли ичимликлар билан заҳарланишнинг 51 та ҳолати аниқланган. Афсуски, 20 кишининг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади", дейилади хабарда.
Шунингдек, яна 31 киши шифокорлар назорати остида қолаётгани ва уларнинг аҳволи оғирлиги хабар қилинган. Касалланганлардан бир нечтасининг аҳволи эса яхшилана бошлагани айтилган.
Бундан ташқари, Самара вилоятида 7 нафар, Нижний Новгородда 2 нафар, Удмуртияда бир нафар қурбон ҳақида маълумот берилган. Ижевскда 20 ёшли коллеж талабаси шифохонага ётқизилган кунининг эртасига вафот этган бўлса, 34 ёшли сидр ичганидан сўнг комага тушиб қолган. Уларнинг икковига ҳам метанолдан ўткир заҳарланиш ташхиси қўйилган.
Нижний Новгород вилоятида 50 ва 47 ёшли эр-хотин ўз квартирасидан ўлик ҳолда топилган. Шифокорлар вилоятда яна икки кишининг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашмоқда.
Ҳозирда мазкур ичимликни дўкон пештахталаридан олиб ташлаш бўйича рейдлар ўтказилаётгани қайд этилган. Заҳарланишга сабаб бўлган спиртли ичимлик партиялари Мордовия, Челябинск, Пенза, Владимир вилоятларида ҳам аниқланган.
Ҳолат бўйича Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 238-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Терговчилар маҳсулот етказиб берган якка тартибдаги тадбиркорни қўлга олган. Ичимлик ишлаб чиқарилаётган корхонада тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси