Россияда мигрантларни фуқароликдан маҳрум этиш асослари кўпайтириляпти

Олам

image

Россияда мигрантларни фуқароликдан маҳрум этиш асослари кенгайтирилади. Тегишли қонун лойиҳаси Давлат Думаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда Қуйи палата раиси Вячеслав Володин ўзининг Telegram-каналида хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Россия фуқаролигини бекор қилиш мамлакат Жиноят кодексининг 64-моддасида назарда тутилган жиноятлар, жумладан, бандитизм, наркотик ва қурол-аслаҳа савдоси, жиноий уюшма тузиш, жосуслик, давлатга хиёнат қилиш, давлат сирини ошкор қилиш учун қўлланилиши мумкин.

Эндиликда ушбу рўйхатга яна 8 та асосни қўшиш таклиф этилмоқда:

  • зўравонлик билан боғлиқ жинсий ҳаракатлар содир этиш;
  • террорчилик фаолиятига очиқ чақириқлар, терроризмни оқлаш ёки тарғиб қилиш;
  • Россия хавфсизлигига қарши йўналтирилган фаолиятда душманга ёрдам кўрсатиш;
  • нацистлар атрибутлари ёки рамзларини тарғиб қилиш;
  • чет давлат, халқаро ёки чет эл ташкилоти билан махфий ҳамкорлик орқали Россия хавфсизлигига таҳдид солиш;
  • Россия аъзо бўлмаган халқаро ташкилотлар ёки хорижий давлат идоралари қарорларини амалга оширишга кўмаклашиш;
  • давлат хавфсизлигига қарши фаолиятга очиқ чақириқлар;
  • Россия Федерациясининг муҳим ахборот инфратузилмасига ноқонуний таъсир кўрсатиш.

Володиннинг айтишича, қонун лойиҳаси бўйича ишларни устувор тартибда якунлаш ва июль ойи охиригача уни тўлиқ қабул қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда жорий йилнинг сентябридан бошлаб мигрантлар учун еттита янги давлат божи жорий этилиши мумкинлиги хабар қилинган эди. Қонун лойиҳасига кўра, бошқа мамлакат фуқаролари яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш учун 500 рубль тўлаши керак бўлади. Шунингдек, вақтинчалик яшаш муддатини узайтириш учун 1 минг рубль, ишга рухсатнома олиш учун эса 4,2 минг рубль миқдорида бож ундирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

мигрантлар Россия фуқаролиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг