Россияда мигрантларга тегишли кафе ва ресторанлар ёпилмоқда

Олам

image

Россияда мигрантлар томонидан очилган кафе ва ресторанлар оммавий равишда ёпила бошлади. Бу ҳақда "Настоящее время" нашри хабар берди.

“Сўнгги бир ой ичида полиция ташриф буюрувчиларни, асосан, Марказий Осиё давлатларидан келган муҳожирларни текширишни кескин оширди. Бутун мамлакат бўйлаб мигрантларга қарши рейдлар ўтказилмоқда. Шу сабабли кўплаб муҳожирлар аллақачон Россияни тарк этган ёки жамоат жойларига, жумладан, кафеларга боришдан бош тортган”, деб ёзади "Настоящее время".

Қайд этиш жоиз, Россияда муҳожирларга қарши кампания март ойи охирида Москва вилоятидаги концерт залида юз берган ва Тожикистоннинг бир неча фуқаролари айбланган терактдан кейин бошланди.

Москвада яшовчи ўзбекистонлик Сардор исмли йигитнинг сўзларига кўра, унинг Россия пойтахтида кафеси бўлган ва “Крокус”даги терактдан сўнг у фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Сардорнинг айтишича, кафе мижозларининг асосий қисми Марказий Осиёдан эди. Террор ҳужумидан кейин ташриф буюрувчиларга босим сезиларли даражада ошган ва унинг кафесидаги мижозлар камайган.

“Тасаввур қилинг, 100 мижоздан атиги 50 нафари сизга келади, шу билан бирга, сиз 150 кишига овқат тайёрладингиз ва фақат улардан учдан бир қисмидан буюртма оласиз. 100 кишига тайёрланган таом шунчаки улоқтирилади. Эртаси куни сизга ҳатто 50 киши ҳам келмайди, атиги 25 киши келади. Ва сиз ёпилишга мажбур эканлигингизни тушунасиз”, дейди Сардор.

Сардор кафесини ёпгач, ҳозир гул дўконида сотувчи бўлиб ишлаяпти. У ресторан бизнесини бутунлай тарк этгани йўқ. Унинг айтишича, баъзида у ва унинг жамоаси банкетлар уюштиришади.

Қайд этилишича, Россияда умумий овқатланиш соҳасида ишлаётган бошқа давлатлардан келган муҳожирлар ҳам террор хуружидан кейин ксенофобия ва рейдлар кучайгани ресторан бизнесига жиддий зарба берганини тан олишади. Умумий овқатланиш соҳасида ишлаш кўпчилик учун фойдасиз бўлиб қолган.

“Энди ҳамманинг ҳужжатлари текширилади: кўчада юрганингизда, метрога тушганингизда. Айниқса, ўзбеклар ва тожиклар кўп ҳибсга олинади, бироқ мен қирғизларнинг қамоққа олинганини кўрмадим”, дейди Москвада ошпаз бўлиб ишлайдиган Азамат исмли шахс.

10 апрель ҳолатига кўра, Москвада ўтказилган рейдлар давомида олти мингдан ортиқ миграция қонунчилиги бузилиши қайд этилган, 840 нафар муҳожир Россиядан чиқариб юборилган. Миграция соҳасидаги ҳуқуқшунослар ва экспертлар оммавий ахборот воситаларида яна кўплаб депортациялар бўлишини бир неча бор таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрантлар ресторанлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг