Россияда мигрант болалар сони қарийб 25 фоизга камайди

Олам

image

Россия ҳудудида бўлиб турган мигрант болалар сони ўтган йил бошига нисбатан қарийб 25 фоизга камайди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг расмий вакили Ирина Волк ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозир мамлакатда бир йил аввалгига қараганда мигрант болалар анча кам. Хорижий фуқаролар, жумладан, болаларнинг Россияда бўлишини назорат қилиш кучайтирилгани бу камайишга сабаб бўлмоқда.

Россияда бугун, 28 январдан янги федерал қонун кучга кирди. Унга кўра, Ички ишлар вазирлиги ва таълим соҳасини бошқарувчи органлар ўртасида вояга етмаган хорижий фуқаролар бўйича маълумот алмашинуви йўлга қўйилди. Эндиликда мигрант болаларнинг миграция ҳисобига қўйилиши, мактаб ва коллежларга қабул қилиниши, ўқишдан четлатилиши ва бошқа маълумотлар идоралар ўртасида узатилади.

Ҳокимият вакилларининг фикрича, бу чоралар мигрант болаларнинг Россияда қонуний бўлишини ҳамда уларнинг таълим олиш имкониятини самаралироқ назорат қилишга ёрдам беради. Шунингдек, ИИВ нинг огоҳлантиришича, болаларнинг Россияда қонуний бўлиши ва таълим олишини таъминлаш бўйича мажбуриятларни қўпол равишда бузган ота-оналар ёки қонуний вакиллар мамлакатда яшаши номақбул шахслар деб топилиши мумкин.

Қайд этиш жоиз, 2025 йилдан Россияда мигрант болаларни мактабларга қабул қилиш тартиби янада қатъийлаштирилган. Ўтган йилнинг 1 апрелидан бошлаб рус тилини билмайдиган ва мамлакатда қонуний бўлиши текширувдан ўтмаган мигрант болаларни таълим муассасаларига қабул қилиш тақиқловчи қонун амал қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда ҳукумат комиссияси судланганлиги олиб ташланмаган ёки бекор қилинмаган чет элликларга Россия фуқаролигини, вақтинча яшаш рухсатномасини ёки яшаш учун рухсатномани беришни тақиқлашни маъқуллагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг