Россияда мактаб директори ва ота-оналар ўртасида ўзбек тили юзасидан можаро келиб чиқди
Жамият
−
28 Сентябрь
28427Россиянинг Калининград вилоятидаги 7-мактабда жанжал келиб чиқди. Бир неча ота-оналар синфлардан бирида олти нафар ўзбек ўқувчиси деярли рус тилида гаплашмаслигидан ғазабланган. Улар мактаб директорига бу ҳақда шикоят қилганда, директор ота-оналарга ўзбек тилини ўрганишини маслаҳат берган. Бу ҳақда “MK.ru” хабар берди.
Ушбу воқеа маҳаллий аҳоли орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Хусусан, ота-оналардан бири антимигрантлик позицияси билан танилган “Русская община” ташкилотига мурожаат қилиб, директор болаларининг синф раҳбари ва ота-оналарга ўзбек тилини ўрганишни тавсия қилгани ҳақида шикоят билдирган.
Нашр шу мактабда фарзанди ўқийдиган оналардан бири билан суҳбат қилган.
“Мен синфда рус тилини яхши билмайдиган болалар бўлганда таълим жараёни қанчалик қийинлашишини яхши тушунаман. Бу жиддий муаммо, уни тез ҳал қилиб бўлмайди, чунки мамлакатда қонуний яшайдиган барча болалар таълим олиш ҳуқуқига эга. Улар мактабга қабул қилинмайдиган ҳолат бўлиши мумкин эмас. Албатта, бир синфда шунча кўп бола бўлмаслиги керак эди, аммо эҳтимол бошқача йўл топилмаган. Бу ерда директорнинг айби ҳам бўлиши мумкин, мен буни аниқ билмайман”, деган у.
Шунингдек, аёл йиғилишда қатнашган танишлари бу ҳолатда директорнинг сўзларини контекстдан чиқариб олганини айтган. Унинг айтишича, директор Людмила Николаевна, шунчаки, ота-оналарни мигрант болаларнинг ҳолатини тушунишга чақирган, чунки улар учун бегона тилда ўқиш жуда қийин. Шунинг учун шўхлик қилиб, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзбек тилидан бир неча сўз ўрганиш мумкинлигини айтган.
“Сўнгги вақтларда мигрантлар билан можаролар кўпроқ юзага келмоқда, уларнинг баъзан тажовузкор бўлиши ҳақиқат. Лекин, шахсан менимча, бунинг сабаби маҳаллий аҳоли томонидан очиқчасига ёқтирмаслик ва душманликдир. Бу ҳолатда мактаб директори вазиятни юмшатишга ҳаракат қилган”, дейди у.
LiveБарчаси