Россияда коронавируснинг янги штамми аниқланди
Олам
−
25 Сентябрь
3522Россиянинг икки минтақасида коронавирус инфекциясининг янги XEC штамми билан боғлиқ иккита ҳолат қайд этилди. У омикрон ва FLiRT субвариантларига ўхшаш аломатларга эга. Бу ҳақда TACC хабар берди.
“Ростов ва Уфа вилоятида XEC штамми билан боғлиқ иккита COVID-19 ҳолати қайд этилган”, дейилади хабарда.
Нашрнинг ёзишича, россиялик мутахассислар доимий равишда мамлакатда тарқалган коронавируснинг нуклеотидлар кетма-кетлиги молекуляр генетик мониторингини олиб бормоқда. Шунингдек, Россиянинг барча субъектларидан олинган мусбат намуналар текширилиши таъминлаган ҳамда VGARus юқумли ва паразитар касалликлар патогенлари геномини декодлашнинг ягона платформасида тўпланган.
Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати вируснинг янги штамми аниқланиши муносабати билан ҳеч қандай алоҳида кўрсатмалар бермаган, аммо вируснинг тарқалиши даврида фуқароларга шахсий гигиена воситаларидан фойдаланишни, мунтазам равишда қўлларини совун билан ювишни, касал одамлар билан алоқа қилмасликни тавсия қилган.
“Агар ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз, айниқса кексалар ва сурункали касалликларга чалинганлар учун уйда қолиб, шифокорга мурожаат қилиш муҳимдир”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, XEC – олдинги икки омикрон ва FLiRT субвариантлари – КS.1.1 ва КP.3.3 комбинацияси натижасида ҳосил бўлган рекомбинант штамм ҳисобланади. Унинг ҳам белгилари бошқаларига ўхшайди: иситма, томоқ оғриғи, йўтал, ҳидни сезмаслик, иштаҳани йўқотиш, тана оғриғи, чарчоқ, бош оғриғи ва бурун оқиши. XEC Францияда энг кенг тарқалган бўлиб, кетма-кет намуналарнинг тахминан 21 фоизини, шунингдек, Германияда 15 фоизни ва Буюк Британияда 8 фоизни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабеков Нурмат Ўзбекистонда коронавируснинг XEC штамми қайд этилмаганини маълум қилган эди.