Россияда коронавирусга қарши учинчи вакцина рўйхатдан ўтказилди
Олам
−
20 Февраль 2021
3694Россия Бош вазири Михаил Мишустин мамлакатда коронавирусга қарши учинчи миллий вакцина рўйхатдан ўтказилганини эълон қилди. Препарат Чумаков номидаги марказда тайёрланган.
“Бугун биз Чумаков маркази томонидан ишлаб чиқилган учинчи “КовиВак” вакцинаси рўйхатдан ўтганини қайд этамиз. Март ойининг ўрталарида дастлабки 120 минг доза вакцина муомалага чиқарилади”, деган Мишустин вакциналар бўйича йиғилишда.
У Россия коронавирусга қарши учта вакцинаси бор ягона давлат эканини таъкидлаган.
РФ Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашкога кўра, вакцина кўнгиллиларда ўтказилган синовларда хавфсиз ва самарали эканини кўрсатган.
Маълум қилинишича, вакцина ршйхатдан ўтказилгач, унинг учинчи босқич клиник синови бошланади. Унда 3 минг киши қатнашади. Шу билан бирга, препарат фуқаро муомаласига ҳам чиқарилади.
Чумаков номидаги марказ вакцинаси дунёдаги бошқа препаратлардан фарқли ўлароқ бутун вирусли вакцина ҳисобланади. Яъни унда ўлдирилган бутун Sars-Cov-2 вируси бор. Шундай вакцина Хитойда ҳам тайёрланган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Россияда “Спутник V” ва “ЭпиВакКорона” вакциналари рўйхатдан ўтказилиб, фуқароларни эмлашда фойдаланилаётганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь