Россияда қўлга олинган озарбайжонликларга айблов эълон қилинди
Олам
−
03 Июль 6643 2 дақиқа
Россия Тергов қўмитаси Екатеринбургда 27 июнь куни ўтказилган рейд доирасида ҳибсга олинган шахслар – Мазаҳир Сафаров, Акиф Сафаров, Аяз Сафаров, Ахлиман Ганжиев, Шахин Лалаев ва Бакир Сафаровга расмий айблов қўйилганини эълон қилди. Бу ҳақда қўмитанинг ўзи хабар берди.
Маълум қилинишича, терговчилар уларни Екатеринбургда 2001 йилда Юнус Пашаевни ўлдириш, 2010 йилда Феҳруз Шириновга суиқасд қилиш ва 2011 йилда Икрам Гаджиевни ўлдириш каби оғир жиноятларда айбламоқда. Ушбу жиноятлар сабаби бизнесдаги таъсир доираларини бўлишиш ва шахсий адоват билан изоҳланмоқда. Уларнинг беш нафарига олдиндан тил бириктириб, буюртма асосида одам ўлдириш ва суиқасд моддалари бўйича айблов қўйилган. Барча гумонланувчилар Россия фуқаролари бўлиб, улардан бири жиноят жойида кўрсатма бериб, шерикларини фош қилган.
Шу билан бирга, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисини чақириб, мазкур рейд давомида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан икки нафар Озарбайжон фуқароси Ҳусайн ва Зиёддин Сафаровлар ўлдирилгани ва бу ҳаракатлар икки томонлама муносабатларга зарар етказгани сабаб норозилик билдирган.
Баку расмий Москванинг берган изоҳлари жасадларда аниқланган зўравонлик излари ва эксперт хулосалари билан зид эканини таъкидлаган. Шунингдек, Россия оммавий ахборот воситаларида озарбойжонликларга нисбатан “этник жиноятчи гуруҳ” каби атамаларни қўлланиши ксенофобияга тенг деб баҳоланган. Озарбайжон томони Россиядан бу ҳолатни холис тергов қилишни ва айбдорларни жазолашни талаб қилмоқда.
Икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескинлашган. Екатеринбургдаги оммавий ҳибслар ортидан Бакуда “Sputnik Озарбайжон”нинг икки ходими Россия Ферерал хавфсизлик хизматига ишлашда гумон қилиниб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Баку “Sputnik Озарбайжон” агентлиги вакилларини ҳибсга олган, уларни ноқонуний фаолият ва Россияга агентлик қилишда айбламоқда. Россия эса бу ҳатти-ҳаракатларни “нодўстона” деб атаб, Озарбайжон элчисини Ташқи ишлар вазирлигига чақирган ва журналистларни озод қилишни талаб қилган. Бундан ташқари, Баку шаҳрининг Сабаил туман суди наркотик моддаларни транзит қилишда айбланаётган саккиз нафар Россия фуқаросига нисбатан тўрт ойлик қамоқ жазоси кўринишида эҳтиёт чорасини қўллашга қарор қилди.
Live
Барчаси