Россияда ишсизлик рекорд даражада паст – Путин
Олам
−
28 Октябрь
6904Россияда ишсизлик энг паст даражада қолмоқда. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун, 28 октябрь куни иқтисодий масалалар бўйича йиғилишда маълум қилди.
“Россияда ишсизлик кетма-кет учинчи ой рекорд даражада паст – 2,4 фоиз. Энг муҳими, 25 ёшгача бўлган ёшлар орасида ишсизлик камаймоқда, ҳозир бу тўққиз фоиздан кам”, деди Путин.
Унинг таъкидлашича, саноат, шу жумладан юқори технологиялар жадал ривожланмоқда. 2024 йилнинг саккиз ойида саноат ўсиши 4,5 фоизни ташкил этди. Ишлаб чиқариш сектори 8,1 фоизни, машинасозлик деярли 20 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, у иқтисодиётда номутаносиблик сақланиб қолаётганлигини айтиб ўтди. Унга кўра, бу қийин шароитлар билан боғлиқ.
“Бу ташқи санкциялар ва бизнинг таркибий чекловларимиз, шу жумладан кадрлар ва технологиялар танқислиги, логистикага ҳам оид. Ушбу омиллар истеъмол нархлари динамикасида ҳам акс этади”, деган Россия раҳбари.
Президент, шунингдек, ҳокимиятнинг вазифаси таъминот иқтисодиётини ривожлантириш, товарлар ва хизматлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини бошлаш ва барча соҳаларда замонавий иш ўринларини яратишдан иборат эканлигини таъкидлаган.
Путиннинг сўзларига кўра, Россияда йил якунлари бўйича ЯИМ 3,9 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Бу глобал ўртача кўрсаткичдан юқорироқ дегани.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия компанияларининг ярмидан кўпи (53%) хорижий ишчилар етишмаслигидан шикоят қилганди, 46 фоизи эса мигрантларни ёллаш ҳажмидан "маълум даражада" қониқишини билдирган. РСПП сўровига кўра, 82,8 фоиз компанияларда кадрлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Кўпинча (42% ҳолларда) ташкилотлар ваканцияларнинг 5-15 фоизини тўлдира олмаётганини билдирган. 11 фоиз компания эса ишчи кучи етишмовчилигини 15-30 фоиз атрофида баҳолаган. Шу билан бирга, 40 фоиздан ортиқ ташкилотлар малакали ходимлар етишмаслигини таъкидлаганлиги ҳақида хабар берилганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси