Россияда Амир Темур ҳайкали ўрнатилади
Жамият
−
24 Ноябрь 2021
11881Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг Самара вилоятида Амир Темур ҳайкалини ўрнатишни режалаштиряпти. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳарбий тарихни ўрганиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Ҳайкал Самара вилоятидаги Кодурча воҳасида маҳаллий ўлкашунослар томонидан буюк ҳарбий саркарда Амир Темурга бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик тоши ўрнида барпо этилиши керак.
“Самара вилоятидаги Кодурча воҳасида маҳаллий ўлкашунослар томонидан буюк ҳарбий саркарда Амир Темурга бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик тоши ўрнида Амир Темур ва унинг ҳарбий саркардалари ифодаланган композицион ҳайкал ўрнатиш бўйича кўрик-танлов эълон қилиш ҳамда танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган ҳайкал мажмуасини ўрнатиш юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Маданият вазирлиги билан меморандум тузиш ишларини олиб бориш, Ўзбекистон Республикаси жанговар ордени соҳиблари туғилиб ўсган ёки истиқомат қилаётган жойларда маҳаллий кўнгиллилар томонидан эсдалик лавҳалари, ёдгорлик тошларини ўрнатиш”, дейилган қарор билан тасдиқланган “йўл харитаси”да.
Лойиҳани 2023 йилгача амалга ошириш режалаштирилган.
Уни амалга оширишга Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Бадиий академия, Кинематография агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Фанлар академияси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги масъул этиб белгиланган.
LiveБарчаси