Россияда 50 ёшдаги Ўзбекистон фуқароси қамалиши мумкин
Олам
−
03 Октябрь 2023
11242Россияда полиция сентябрь ойи бошида Астраханда маданий мерос объектлари бўлган биноларда содир бўлган ёнғинларда айбдор деб тахмин қилинган шахсларни қўлга олди. Жиноятга алоқадор шахслар бир йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Ленин тумани ИИБ жиноий қидирув бўлими ходимлари ушбу ҳодисага алоқадор бўлиши мумкин бўлган фуқароларни аниқлаб, қўлга олди. Улардан бири ёнғин ўчириш хизмати томонидан тўғридан-тўғри ёнаётган бинодан олиб чиқилди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, 1966 йилда туғилган Астрахан шаҳрида яшовчи Россия фуқароси ва 1973 йилда туғилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси милиция ходимларига ёниб кетган нотурар биноларда турли вақтларда бўлгани, у ерда спиртли ичимликлар ичганини маълум қилган. Уларнинг сўзларига кўра, ёнғин келиб чиқишига ўчирилмаган сигарет қолдиқлари сабаб бўлган.
Маълум қилинишича, ҳар икки эркакнинг доимий яшаш жойи бўлмаган ва ушбу уйларда вақтинча яшаб келган.
Шу боис, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 168-моддасига мувофиқ (эҳтиётсизлик туфайли мол-мулкни йўқ қилиш ёки шикастлаш), ёнғин ёки бошқа манбаларга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш оқибатида бировнинг мол-мулкини катта миқдорда йўқ қилиш ёки шикастлаш ҳолати бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Айни пайтда материаллар тегишлилигини аниқлаш ва тергов органига топшириш учун прокуратурага юборилган.
Маълумот учун, Астраханнинг тарихий қисмида XIX–XX аср бошларидаги савдо уйлари жойлашган. Прокуратурага кўра, Астраханда бир ойдан камроқ вақт ичида минтақавий аҳамиятга эга бир нечта маданий мерос объектларида ёнғинлар содир бўлган. 5-сентябрь куни 1884 йилда қурилган уй, 7 сентябрда эса Куйбишева кўчасидаги XIX асрнинг иккинчи ярмида қурилган уй ёниб кетган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь