Россияда ҳам иш вақти қисқариши мумкин
Олам
−
05 Март
7445Россия Федерациясида иш вақтининг миқдори ҳафтасига 38 соатгача қисқариши мумкин. Бу ҳақда Мустақил савдо федерациясининг ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва ижтимоий шериклик бўлими бошлиғи Олег Цоколовнинг баёнотига таяниб, "Lenta.ru" нашри хабар берди.
Қайд этилишича, 2023 йил охирида Давлат Думасига иш ҳафтасини 40 соатдан 38 соатгача қисқартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилган. Бунга асос қилиб ишчиларга босимнинг кучайиши уларнинг меҳнат унумдорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани, фуқаролар кунига саккиз соатдан ортиқ ишлаётгани келтирилган.
“Президентнинг технологик суверенитетга оид мурожаатида белгиланган вазифалар амалга оширилса, иш кунининг давомийлиги босқичма-босқич қисқартирилади. Аммо ҳозирча тенденция бунинг акси”, дейди Цоколов.
Касаба уюшмаси вакилининг сўзларига кўра, эълон қилинган кўрсаткичга технологик қайта жиҳозлаш ва ишлаб чиқаришни роботлаштириш орқали эришилади, бунда Россия ҳали ҳам "жуда орқада".
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия ҳукумати меҳнат кодексига иш ҳафтасини 48 соатдан 35-40 соатгача қисқартиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар тайёрлашни бошлагани хабар қилинганди.
Сарвар Хуррамов