Россия Запорожье АЭСни “буфер зона”га айлантиришдан бош тортди
Олам
−
12 Август 2022
7020Украинанинг Россия томонидан эгалланган Запорожье атом электр станцияси қуролсизлантирилган тақдирда у ерда провокациялар уюштирилиши ва терактлар содир этилиши хавфи бор. Бу ҳақда Россиянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Василий Небензя ташкилот Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишида айтиб ўтди.
“Станциянинг қуролсизлантирилиши у ерга бормоқчи (ҳужум қилмоқчи – таҳр.) бўлганлар учун ҳимоясиз ҳолга келтириши мумкин. Биз ҳар қандай провокациялар, станцияга террористик ҳужумлар содир этилишини истисно эта олмаймиз, уни ҳимоя қилишимиз керак”, дейди у БМТ Бош котибининг ЗАЭСни демилитаризация қилиш ҳақидаги таклифига жавобан.
Унинг қўшимча қилишича, БМТ раҳбари “демилитаризация периметри” деганда нимани назарда тутаётганига аниқлик киритиши керак.
Айтиш жоизки, аввалроқ БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш “барча ҳарбий хизматчиларни ва ҳарбий техникани станциядан олиб чиқиб кетишга ҳамда бу ҳудудда бошқа ҳар қандай ҳарбий кучлар ёки ҳарбий техника жойлаштирилишига йўл қўймасликка” чақирган эди.
Маълумот учун, Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.
Эслатиб ўтамиз, УНИАН нашри 5 август куни рус босқинчилари Запорожье АЭСига тўрт марта ўқ узгани ҳақида маълумот берган эди. Шунингдек, Запорожье атом электр станцияси босқинчилар томонидан ўққа тутилганидан сўнг, Украина Президенти Владимир Зеленский давлатларни бутун Россия атом саноатига нисбатан қаттиқ санкциялар жорий этишга чақирган.
Россия эса АЭСга ҳужумда Украинани айлабяпти. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь