Россия Европадаги бошқа давлатларга ҳам ҳужум қилишга тайёрланмоқда – Литва
Олам
−
15 Февраль
7601Россия ҳозирда Европанинг бошқа давлатларига ҳужум қилиш учун қулай ҳолатда — у кўпроқ кучга, ҳарбий тажрибага эга ва Украинадаги урушда қилган хатоларини тузатмоқда. Бу ҳақда Литва Мудофаа вазирлигининг мудофаа сиёсати бўйича вакили Вайдотас Урбелисга таяниб, “Business Insider” хабар берди.
Унинг айтишича, Россия муваффақиятсизликларга қарамай, бўлажак ҳужумга яхши тайёрланган.
“Эндиликда уларда кенг кўламли уруш олиб бориш тажрибаси мавжуд, буни режанинг бир қисми сифатида кўриш керак. Агар фақат аскар сонига эътибор қаратсангиз ҳам, Россия қуролли кучларида ҳозир урушдан олдингидан кўпроқ одам борлигини кўрасиз”, дейди Мудофаа вазирлиги вакили.
Шунингдек, у Россия ҳарбий техникаларини йўқотишига қарамай, тезда тиклана олишини қўшимча қилди.
“Шунинг учун Литва тайёр бўлиши керак, чунки Россия уни ва унинг қўшни ҳудудларини “ўз ҳудудининг бир қисми” деб билади”, дейди амалдор.
Ҳарбийнинг айтишича, Литва тезда жавоб қайтаришга тайёр бўлиши ва “НАТО механизми ишлаб кетгунича” кутмаслиги керак. Гап Литвага альянс қўшинларини жойлаштириш, мудофаа харажатларини ошириш ва чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳақида кетмоқда.
“Иттифоқ сифатида биз тўғри йўлдамиз, лекин етарлича тезкор эмас”, дея хулоса қилди Урбелис.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Европада 4 ой давом этадиган НАТОнинг “Steadfast Defender – 2024” машқлари бошланганди. Уларда альянснинг 31 та аъзо давлати ва Швеция иштирок этмоқда. Машғулотлар сценарийсига кўра, Россия альянсга аъзо давлат ҳудудига ҳужум қилади ва НАТО жамоавий мудофаа шартномасининг 5-моддасини ишга туширади, яъни Россия ва НАТО кучлари тўқнашади.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь