Ўзбекистон ва Россия махсус кучлари Термизда шартли террорчиларни йўқ қилди (видео)
Жамият
−
06 Август 2021
13053Россия ва Ўзбекистон махсус кучларининг ҳарбий хизматчилари Афғонистон чегарасида ўтказилган машғулотлар чоғида шартли террорчилар томонидан босиб олинган аҳоли пунктини озод қилиш бўйича қўшма операция ўтказди. Бу ҳақда Россия Марказий ҳарбий округи хабар берди.
“Термиз полигонида ўтказилган амалий ҳаракатлар давомида махсус кучлар аҳоли пунктини блокировка қилиш, блокировка қилинган ҳудуддан қочган шартли террорчилар гуруҳларини таъқиб қилиш, уларни йўқ қилиш ва авиация зарбаларини йўналтириш машқлари устида ишлади. Машқлар пайтида БТР-82А зирҳли транспорт воситалари, Ми-35 ҳужум вертолётлари ва стандарт кичик қуроллардан фойдаланилди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Термиз полигонида қўшни Афғонистондаги вазиятнинг беқарорлашуви фонида Россия ва Ўзбекистон ўртасида қўшма машқлар ўтказилмоқда. Ушбу машқлардан мақсад — Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва барқарорликни сақлаш учун мумкин бўлган таҳдидларни қайтариш. Машғулотларда Россия Федерацияси ва Ўзбекистон қуролли кучларининг 1,5 мингга яқин ҳарбий хизматчилари иштирок этмоқда.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси