Россия ва Украина “160 га 160” форматда асир алмашди
Олам
−
12:08 710 1 дақиқа
Кеча, 26 июнь куни Россия ва Украина 160 нафардан ҳарбий асирларни ўзаро алмашди. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Россия Мудофаа вазирлиги алмашинув жараёни Бирлашган Араб Амирликлари воситачилигида амалга оширилганини маълум қилган.
“Биз украиналикларни Россия асирлигидан қайтаришда давом этмоқдамиз. Бугун 160 нафар ҳарбий хизматчи озод қилинди”, деб ёзган Украина Президенти Владимир Зеленский X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Унинг қўшимча қилишича, озод этилганларнинг барчаси 2022 йилдан буён асирликда сақланаётган бўлган.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳам асирлар алмашинуви бўлиб ўтганини тасдиқлаб, ўз томонига 160 нафар россиялик ҳарбий қайтарилганини маълум қилган.
“Қайтарилган россиялик ҳарбий хизматчилар айни пайтда Беларусь Республикасида бўлиб турибди”, дейилади вазирлик баёнотида.
2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан буён ҳарбий асирлар ва ҳалок бўлган аскарларнинг жасадларини алмашиш Москва ҳамда Киев ўртасидаги ҳамкорлик сақланиб қолган кам сонли йўналишлардан бири бўлиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 июнь куни Россия ва Украина “185 га 185” формуласи бўйича асирларни алмашган эди.
Live
Барчаси