Россия Ўзбекистонда етиштирилган қуритилган ўрик экспортига ҳам тақиқ қўядими?
Жамият
−
06 Декабрь 2020
13141Жорий йилнинг 3 декабрь куни Россельхознадзор расмий веб сайтида Ўзбекистондан Россия Федерациясига экспортга жўнатилган қуритилган ўрик маҳсулотида “Капр қўнғизи” аниқлангани ҳақида мақола чоп этилди. Қайд этилишича, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидан юкланган 1 тонна қуритилган ўрик маҳсулотида карантин объекти ҳисобланган 2 та “капр қўнғизи” личинкаси топилган.
Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мазкур ҳолат юзасидан баёнот бериб, инспекция раҳбарияти Россельхознадзор карантин хизмати раҳбарияти билан музокара ўтказганини маълум қилди.
Россия томонидан юборилган фотосуратлар Марказий карантин лабораторияси ходимлари иштирокида текширилиб, қўрсатилган мазкур карантин объекти айнан “Капр қўнғизи” эмас, балки Ўрта Осиё ва Россия Федерациясида тарқалган “Trogoderma” оиласига мансуб бошқа қўнғиз эканлиги тахмин қилинмоқда.
Музокаралар давомида Россия Федерацияси томонидан қуритилган ўрик маҳсулоти учун тақиқ қўйилмасликка келишилиб, фақатгина маҳсулот юкланган экспортёр корхонага нисбатан фитосанитар чоралар кўрилиши ҳақида аҳдлашувга эришилган.
Тезкор олинган маълумотга кўра, ушбу тадбиркор Россия Федерациясидан қуритилган ўрик маҳсулотининг эски ҳосилини юклаш бўйича буюртма олган. Экспорт сиғимини тўлдириш мақсадида ҳудуддаги деҳқон бозорларидан эски ҳосилларнинг қолдиқларини турли жойлардан тўплаб, махсулот йиғган.
“Ўздавкарантин” инспекцияси мазкур ҳолатдан сўнг шуни маълум қилдики, Ўзбекистондан хорижга юкланадиган барча турдаги қуритилган маҳсулотлар тўлиқ фумигация қилиниши, маҳсулот фитосанитар тозалигини қатъий назоратдан ўтказиб, фитосанитар сертификати расмийлаштирилиб берилгандагина экспортга чиқарилади.
Аввалроқ, "Россельхознадзор" Фарғона вилоятида етиштирилган помидор ва қалампирни Россия ҳудудига киритишга тақиқ қўйганди. Бунга шу ҳудуддан экспорт қилинган помидор ва қалампирда “Tomato brown rugose fruit virus” вируси топилгани сабаб бўлганди. Ўзбекистон томони бу тақиқ бекор қилинишига эришиш учун ҳаракатни бошлаган.
LiveБарчаси