Россия Ўзбекистон ва Озарбайжондаги рус тили нуфузини ўрганади

Олам

image

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг буюртмасига кўра Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ)  рус тилининг Озарбайжон ва Ўзбекистондаги мавқеини ўрганади. Бу ҳақда “Ведомости” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, ВЦИОМ Озарбайжон, Ўзбекистон, Венесуэла, Ҳиндистон, Хитой ва БААда рус тилининг тарғиб қилиниши бўйича социологик тадқиқот ўтказади. Тадқиқот услуби борасида ҳозиргача аниқ фикр йўқ. Лекин у барча мамлакатлар учун бир хил бўлиши айтилган. Катта эҳтимол билан ҳам онлайн, ҳам ёзма-ёз сўровномалар ўтказилиши кутилмоқда. 

Шунингдек, ВЦИОМ чет элда рус тилидан фойдаланиш кўрсаткичларини экспертизадан ўтказади ҳамда ушбу мамлакатларда унинг жозибадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади.

Мазкур тадқиқот Россия ва Озарбайжон ўртасида сўнгги ҳафталарда муносабатлар кескинлашганидан кейин ўтказилмоқда. Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда Озарбайжонда рус тилида таълим тақиқлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ 2 июль куни мамлакат Таълим вазирлиги бу маълумотни рад этди. Жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Бутунроссия маркази раҳбари Валерий Фёдоров ҳам Озарбайжон билан муносабатлардаги кескинликнинг тадқиқотга алоқаси йўқлиги маълум қилди.

“Эскалациялар келади-кетади... Тендер якунланди, ҳозир шартнома тузиляпти”, дейди Фёдров.

Қайд этиш жоиз, “Россотрудничество” маълумотларига кўра, Марказий Осиёда рус тилидаги мактаблар сони бўйича Қозоғистон етакчи (3606 та), ундан кейин Ўзбекистон (1000 дан ортиқ), Қирғизистон (751), Тожикистон (200) ва Туркманистон (71) давлатлари ўрин эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, 2 июль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан музокара ўтказганди. Учрашув давомида Владимир Путин қирғиз томонига рус тилига алоҳида мақом берилгани учун миннатдорлик билдириб, бу ҳам гуманитар, ҳам иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлаганди. Кейинчалик Жапаров “Kabar” агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон ва Тожикистонга борганда рус тилисиз мулоқот қилиб бўлмаслигини айтди.

Дилшод Ҳакимов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг