Россия “ўта юқори даражадаги ҳужум”га тайёрланмоқда – Украина

Олам

image

Россия яқин бир неча ҳафта ичида Украинадаги урушни “максимал даражада кучайтириш”га тайёрланмоқда. Бу ҳақда бугун, 1 февраль куни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов “Sky News” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Украина расмийсининг маълум қилишича, кейинги икки-уч ой урушда ҳал қилувчи ойлар бўлади. Шунингдек, Данилев фикрича, Россиянинг кутилаётган ҳужуми кенг миқёсли ва турли йўналишларда бўлади.

“Мен асосий жанглар ҳали олдинда эканлигини ва улар яқин икки-уч ой ичида содир бўлишини биламан. Россия максимал эскалацияга тайёрланмоқда. У мумкин бўлган ҳамма воситаларини тўплайди, тайёргарлик ва машқлар ўтказади. Бизда турли йўналишлардан ҳужумга учраш эҳтимоли бор. Биз бу ҳужум айнан қайси йўналишда бўлишини билмаймиз ва тахмин қилинадиган ҳеч бир ҳужум сценарийсини истисно этмаймиз”, дейди Данилев.

Украина расмийлари бир мунча вақтдан бери Россиянинг янги ҳужуми ҳақида огоҳлантириб, таҳдидга қарши туриш учун Ғарбдаги иттифоқчиларидан имкон қадар кучлироқ ва самаралироқ қурол-аслаҳа сўраб келади. Мамлакат Россиянинг Украина жанубида янги ҳужумга тайёрланаётгани аломатлари борлиги ҳақида бир неча бор ғарбга далиллар узатди. Аммо ҳарбий таъминот оқими кўпайиш ўрнига камайиб бормоқда.

Украина жануб хавфсизлик ва мудофаа кучларининг Бирлашган мувофиқлаштирув матбуот маркази раҳбари Наталя Хуменюк маълумот беришича, янги ҳужум нафақат қуруқликдан, балки денгиз ва ҳаводан ҳам ташкил этилади. Шунингдек, Украина разведкаси Россия ҳарбий-денгиз кучларининг Қора денгиздаги фаолияти ва ҳарбий кемалар кўлами ва жойлашувида йирик ўзгаришларни қайд этган.

Муаммо кескинлашган бир пайтда 1 февраль куни Беларусь Мудофаа вазирлиги Россия билан бир ҳафталик қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказишини маълум қилди. Ушбу воқеа Ғарб оммавий ахборот воситаларида акс садо бериб, Украина атрофидаги хавф-хатар кучаяётганлиги борасидаги фикрларни илгари сурмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг