Россия Украинани “титратган” қўшинини чегарадан олиб кетмоқда
Олам
−
15 Февраль 2022
32795Бугун, 15 февраль куни Россия Қуролли кучлари ўзининг Беларусь ҳудудида бўлиб ўтган ҳарбий машғулотларнинг бир қисмини якунлади. Жанубий ва Ғарбий ҳарбий округ бўлинмалари машғулот ўтказилган чегара зонасидан ортга қайтмоқда. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игорь Конашенков маълум қилди.
“Жанубий ва Ғарбий ҳарбий округ бўлинмалари ўз вазифаларини бажариб, темир йўл ва автомобиль транспорти орқали орқага қайтишни бошлади. Улар бугундан ўз ҳарбий гарнизонларига ўтади. Жанговар тайёргарлик тадбирлари якунига кўра, қўшинлар аввалгидек, доимий жойлаштириш пунктларида машғулотларни давом эттиради”, деган Конашенков.
Украина ҳукуматининг таъкидлашича, Ғарб билан биргаликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида Россия босқинининг олди олинган.
Эслатиб ўтамиз, январь ойи ўрталаридан бошлаб Кремль Беларусга “Иттифоқчилар келишуви” доирасида ўз ҳарбийлари ва оғир артиллерияларни юбора бошлаган. Ҳозирга қадар қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказиш учун Беларусь ҳудудига Россиянинг 30 000 дан ортиқ аскарлари киритилгани айтилмоқда.
Шунингдек, С-400 ер-ҳаво ракета тизимларининг иккита батальони ва 12 та “Сухой Су-35” қирувчи самолётлари мамлакат ҳудудига жойлаштирилган.
НАТО ушбу ҳаракатларни “Совуқ уруш” давридан буён Беларусь ҳудудига киритилган энг катта қўшин дея баҳоламоқда. Билдирилишича, ҳозирда Россия ихтиёрига ўтган Қрим, Беларусь ва Украина билан чегарадош бошқа ҳудудларда 100 000 лаб рус қўшинлари жойлаштирилган.
Қайд этиш керакки, Россиянинг машғулотлар сабаб Украина билан чегарага қўшин тўплаши сабаб Шарқий Европада инқироз юзага келди. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб келмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси