Россия Украинани электрсиз қолдирмоқчи. Украина жанубида шиддатли жанглар давом этмоқда 

Олам

image

Шарқий Европа давлатлари украиналик қочқинларнинг эҳтимолий тўлқинига ҳозирлик кўрмоқда. Чунки Россия қиш олдидан электр ва иссиқлик станцияларини нишонга олмоқда. Украина Президенти Владимир Зеленский 4 миллионга яқин одам аллақачон электрсиз қолганини айтган. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги ёзмоқда.

Зеленскийнинг айтишича, 14 вилоят ва пойтахт Киев электр таъминотисиз қолган. Украинанинг электр тармоқлари оператори “Ukrenergo” электр энергиясининг соатлик узилишлари бутун мамлакатга таъсир қилишини маълум қилган.

Россия Укаринанинг энергетика инфратузилмасини ракеталар ва дронлар ёрдамида нишонга олишни тўхтатмаяпти. Бу эса қишда ҳаво ҳарорати минус 20 даражагача совиб кетадиган мамлакат аҳолисининг аҳволини оғирлаштириб қўйиши мумкин. Ҳозирнинг ўзида 6,9 миллион киши Украина ичида ўз бошпаналарини ташлаб кетган. Одамлар мамлакатдан чиқиб кетиб, қочоққа ҳам айланиши мумкин. Словакия ва Венгрия каби Шарқий Европа мамлакатлари аллақачон Укарина аҳолисини қабул қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Украина кучлари сўнгги ойларда қарши ҳужумга ўтмоқда. Россия эса ўтган ой давомида минг-минглаб заҳирадаги аскарларни чақирган ҳолда, Украинада ўзи ҳамон эгаллаб турган ҳудудларини ҳимоя қилиш учун қайтадан куч йиғмоқда.

Зеленский Украина шарқидаги Донецк вилояти учун жангларда қўшинлари бир сантиметр ҳам таслим бўлмаслигини айтган. Россия тайинлаган расмийлар эса Украина Қуролли кучлари жанубий шаҳарга танклар билан кириб келаётганини маълум қилган. Донецк саноат минтақасидаги Бахмут, Соледар ва Авдеевка шаҳарлари можаронинг ўчоқлари бўлиб, бу ерларда жорий йилнинг февраль ойи охирида Россия кучлари Украинага бостириб кирганидан бери энг қақшатқич жанглар содир бўлган.

Зеленский кеча, 8 ноябрь куни ўзининг одатий тунги мурожаатида айтишича, босқинчиларнинг фаоллиги жуда юқори даражада қолмоқда. Улар ҳар куни ўнлаб ҳужумлар уйиштирмоқда.

“Улар фавқулодда катта йўқотишларга дучор бўлмоқда. Лекин режа ўзгармади. Яъни, бизнинг мақсадимиз Донецк вилоятининг маъмурий чегараси бўйлаб олдинга ўтиш. Биз еримизнинг бир сантиметрини ҳам бермаймиз”, деган у.

Киевлик ҳарбий таҳлилчи Олег Жданов 8 ноябрь куни 21 нафар россиялик ҳарбий хизматчи Луганск вилоятидаги Сватово атрофида Украина кучларига таслим бўлганини айтган.

“Бечоралар сафарбар қилинган. Ҳақиқатан ҳам бечоралар. Улар уч кун ичида еб-ичишга ҳеч нарсаси йўқ бўлган. Албатта, улар таслим бўлишга қарор қилишган”, деган Жданов 

Жанубий шаҳарларда шиддатли жанглар давом этмоқда

РИА Новости ахборот агентлигига Николаев жанубидаги Снихуривка шаҳарчасига россияликлар томонидан қўйилган мэр Юрий Барабашов маҳаллий аҳоли танкларни кўргани ва шиддатли жанглар давом этаётганини айтган.

“Улар кун давомида алоқага чиқиб, танклар ҳаракатланаётганини ва шаҳар четида шиддатли жанглар кетаётганини айтишди. Одамлар ушбу шаҳар марказидаги кўчалар бўйлаб танклар ҳаракатланаётганини кўришган”, деган Снихуривка мэри.

Кеча, 8 ноябрь куни кечқурун жанубий Херсон вилоятидаги вазият ҳақида сўз юритар экан, Украина ҳарбийлари Россия қўшинларини кўпроқ талон-торожда ва инфратузилмани вайрон қилишда айблади. 

“Кахова ГЭС тўғонидан маиший техника ва қурилиш материаллари ортилган юк машиналари колоннаси ўтиб кетди”, деган украин ҳарбийлари.

Шунингдек, Россия Қуролли кучлари уяли алоқа минораларини демонтаж қилиб, жиҳозларни олиб кетаётгани ва Берислав шаҳри яқинида рус аскарлари электр линиясини портлатиб, қуёш электр станциясидан жиҳозлар олиб кетганини қўшимча қилган.

Қолаверса, Херсон шаҳрида рус қўшинлари рассом Алексий Шовкуненкога бағишланган музейдан экспонатлар, мебель ва жиҳозларни олиб чиқиб кетишган.

Херсон Украинанинг қисман босиб олинган тўрт вилоятидан бири бўлиб, Россия уни ўз таркибига қўшиб олганини айтади. Россия Қрим ярим оролига борадиган ягона қуруқлик йўлини ҳам, Украинани иккига бўлувчи Днепр дарёсининг қирғоғини ҳам назорат қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси келаси ҳафтада Россия Украинада халқаро қунунларга хилоф хатти-ҳаракатлар натижасида етказилган зарарлар, жумладан, ҳар қандай зарарни қоплаш учун жавобгар бўлиши кераклиги ҳақидаги резолюция лойиҳасини овозга қўйиши керак. Резолюция матни Украина, Канада, Гватемала ва Нидерландия томонидан илгари сурилган.

193 аъзодан иборат Бош Ассамблеянинг тўртдан уч қисми март ойида бўлиб ўтган овоз беришда Россиянинг босқинини танқид қилган. Октябрь ойида эса Россиянинг Украинага тегишли тўртта вилоятни aннексия қилганини қоралаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

220

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг