Россия Украинага F-16 самолётлари берилишини ядровий таҳдид деб баҳолади

Олам

image

Москва Украинага F-16 қирувчи самолётлари топширилишини ядровий таҳдид деб баҳолади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар ва НАТО бу ҳаракат орқали Россия билан тўғридан-тўғри қуролли тўқнашув хавфини оширган. Лавров бунинг оқибатлари “ҳалокатли” бўлишидан огоҳлантирган.

“Ҳарбий ҳаракатлар давомида бизнинг ҳарбийларимиз ушбу турдаги ҳар бир самолёт ядро қуролини етказиб бериш учун жиҳозланган ёки йўқлигини ажратиб ўтирмайди. Украина Қуролли кучларида бундай тизимларнинг пайдо бўлиши бизга нисбатан Ғарбнинг ядровий соҳадаги таҳдиди сифатида кўриб чиқилади”, дейди Лавров.

Шунингдек, Россиянинг Украина урушида ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақида берилган саволга жавобан, Лавров бундай ҳолат сценарийси Россиянинг ҳарбий доктринасида аниқ белгиланганини эслатган.

“Шу билан бирга, АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари Россия билан тўғридан-тўғри қуролли тўқнашув хавфини юзага келтираётгани ва бу ҳалокатли оқибатларга олиб келишига эътибор қаратмоқчиман”, дея қўшимча қилади у.

Маълумот учун, кеча, 12 июль куни Литва пойтахти Вильнюсда якунланган НАТО саммитида украиналик учувчиларни Ғарб қирувчи самолётларида парвоз қилишга ўргатиш бўйича меморандум имзоланди. Унда Дания, Нидерландия, Бельгия, Буюк Британия, Люксембург, Норвегия, Польша, Португалия, Руминия, Швеция ва Канада иштирок этишга рози бўлди. Альянс Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам ташкилот ёз охиригача Украина учувчиларини Американинг F-16 самолётларида учишга тайёрлай бошлашини маълум қилди. Руминия эса бу ишни август ойиданоқ бошлаши мумкин.

Мазкур ҳаракатлар Киевга қирувчи самолётларни етказишга тайёргарлик доирасида амалга оширилиши таъкидланган. Аммо самолётлар айнан қачон етказиб берилиши очиқланмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина F-16 ядровий таҳдид

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг