Россия Украинага 68 та ракета ва 351 та дрон билан ҳужум қилди – Зеленский
Олам
−
06 июл 4105 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг сўнгги оммавий ҳаво ҳужумидан сўнг Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун ракеталар танқислиги сабаб Россиянинг баллистик ракеталарини уриб тушириш қийинлашганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Унга кўра, 5 июль оқшомидан 6 июль тонгигача Россия Украина ҳудудига 68 та ракета ва 351 та ҳужумчи дрон учирган. Ҳаво мудофааси кучлари дронлар ҳамда қанотли ракеталарнинг катта қисмини йўқ қилган бўлса-да, баллистик ракеталарга қарши етарли натижага эришилмаган.
“Ҳарбийларимиз бугун дронлар ва қанотли ракеталарни уриб туширишда яхши натижага эришди. Аммо, афсуски, Россиянинг баллистик ракеталарига қарши бундай бўлмади. Бунинг сабаби айнан тутиб қолувчи ракеталар етарли эмаслигидир”, дейди Зеленский.
Унинг билдиришича, иттифоқчилар омборларида Patriot тизимлари учун ракеталар мавжуд бўла туриб, улар Украинага етказиб берилмаётгани Россияни тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга ҳужумларни давом эттиришга ундамоқда. Зеленский НАТОнинг Анқарада бўлиб ўтадиган саммитида АҚШ ва Европа давлатлари Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилишига умид билдирган.
Сўнгги ҳужум оқибатида Киевнинг 10 дан ортиқ ҳудудида, жумладан, тураржой биноларида вайронгарчилик юз берган. Ҳозиргача 64 киши, жумладан, икки нафар бола қутқарилган. Дастлабки маълумотларга кўра, Киевда 11 киши ҳалок бўлган, 60 га яқин киши жароҳат олган. Киев вилоятида эса яна 3 киши ҳалок бўлиб, 16 киши жароҳатланган.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги коммуникациялар бошқармаси раҳбари Юрий Игнатнинг айтишича, Patriot ракеталари танқислиги Россияни баллистик ракеталардан кўпроқ фойдаланишга ундамоқда.
“Россия ракеталарни тутиб қолиш учун ўқ-дорилар жиддий танқис эканини яхши билади. Шу сабабли улар баллистик ракета ҳужумларига кўпроқ эътибор қаратмоқда”, деган Игнат.
Унинг қайд этишича, Россия одатда ҳар ўн кунда бир марта йирик ракета ва дрон ҳужумларини амалга оширади, бироқ навбатдаги зарба исталган пайтда такрорланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари Донецк вилоятидаги муҳим шаҳарлардан бири бўлган Константиновка устидан назорат ўрнатгани ҳақида маълум қилган эди. Зеленский эса Россиянинг Донецк вилоятидаги стратегик аҳамиятга эга Костиантиновка шаҳрини эгаллагани ҳақидаги даъволарни рад этган.
Live
Барчаси