Россия Украина шаҳарларига ракета ва дронлар билан ҳужум қилди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
14:52 421 2 дақиқа
Кеча, 20 ноябрь кечқурун ва бугун, 21 ноябрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг бир қатор ҳудудларига ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Кривой Рогдаги зарбалар оқибатида икки киши ҳалок бўлди, 58 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Новая газета Европа” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳалок бўлганлар 20 ёшли фельдшер ва етти ёшли бола бўлган. Вилкулнинг сўзларига кўра, бола ҳужум пайтида дўстлари билан рестораннинг болалар майдончасида ўйнаётган эди. Жароҳатланганлар орасида олти нафар бола, тиббиёт ходимлари ва қутқарувчилар ҳам бор. Ҳозирда 28 киши, жумладан, беш нафар бола шифохонада қолмоқда. Уларнинг 11 нафари оғир аҳволда, беш нафари реанимация бўлимида даволаняпти.
Дастлаб Россия кучлари шаҳар марказидаги аҳоли яшаш ҳудудига иккита баллистик ракета билан зарба берган. Қутқарув ишлари бошланганидан кейин эса тиббиёт ходимлари, қутқарувчилар ва коммунал хизматлар вакиллари ишлаётган ҳудудга учта “Шаҳид” дрони орқали ҳужум қилинган. Шу куни кечқурун яна бир дрон саноат объектини нишонга олган.
Ҳужумлар оқибатида 25 га яқин кўп қаватли уй, шифохона, таълим муассасалари, ресторан, тадбиркорлик объектлари, тез ёрдам машиналари ва аҳоли автомобилларига зарар етган. Шунингдек, шаҳарда сув, газ ва электр таъминоти узилган. Тонгга қадар тўртта ёнғин ўчирилган, тиклаш ишлари давом этмоқда. Россиянинг бошқа ҳудудларга берган зарбалари оқибатида ҳам одамлар жароҳатланган.
Хусусан, Харьков вилоятининг Солоницевка қишлоғида дрон беш қаватли турар-жой биносига келиб урилган. Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида 11 киши, жумладан, икки нафар бола жароҳатланган. Бинонинг тўртинчи ва бешинчи қаватларидаги хонадонлар ҳамда техник қаватнинг бир қисми ёнган. Қўшни уйлар ва автомобиллар ҳам зарар кўрган.
Ровно вилоятидаги фуқаролик корхонасига берилган зарба оқибатида бир киши жароҳатланган. Фавқулодда вазиятлар хизмати хабар беришича, бино вайрон бўлган ва ёнғин ўчирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Қуролли кучлари Қрим кўпригига яна ҳужум қилгани, бунинг ортидан Қрим ва Краснодар ўлкасида ракета хавфи эълон қилиниб, кўприкда автомобиллар ҳаракати тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Владимир Путин Россия ушбу ҳужумларга жавоб қайтариши ва зарбалар Киев учун анча оғир бўлишини билдирган эди.
Live
Барчаси