Россия-Украина музокаралари давом эттириладими? Песков жавоб берди
Олам
−
14 Апрель 2022
11322Ҳозирча Москва ва Киев ўртасида юзма-юз музокараларнинг янги босқичларини ўтказиш учун ҳеч қандай ҳаракат йўқ. Бу ҳақда бугун, 14 апрель куни журналистларга Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Йўқ, ҳозирча ҳеч нарса йўқ”, деган у ТАССнинг тегишли саволига жавоб берар экан.
Песковнинг сўзларига кўра, Россия Беларусни Украина билан музокаралар олиб бориш учун ажойиб жой деб билади, бироқ бу ҳолатда Киевнинг фикри ҳам муҳим.
“Бизнинг нуқтаи назаримиздан, Беларусь, албатта, музокаралар учун ажойиб жой бўларди. Лекин сиз биласизки, бунинг учун Украина томонининг ҳам нуқтаи назари зарур”, деган Кремль вакили Россия музокараларни ушбу мамлакатда давом эттиришни талаб қиладими, деган саволига жавобан.
Маълумот ўрнида, Россия-Украина музокаралари 28 февралда, уруш бошлаганидан тўрт кун ўтиб ўтказила бошлади. Беларусда бир нечта учрашувлар бўлиб ўтди, кейин музокарачилар видео алоқа орқали мулоқотни давом эттирди. 10 март куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган дипломатик форум доирасида Туркия Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулебанинг учрашувини ташкил қилди. 29 март куни эса Истанбулда юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича Россия делегацияси Украина томонидан ўрганиб чиқиладиган ва мамлакат раҳбариятига етказиладиган аниқ шаклланган позиция ва таклифларни олди.
LiveБарчаси