Россия Украина халқини газ ва токсиз қолдирмоқчи

Олам

image

Бугун, 17 ноябрь куни Россия Украинанинг энергетика инфратузилмасига яна ракета зарбалари берди. Россия қўшинлари Укарина шарқида ҳужумларни кучайтирди

НАТО ва Польша Люблин водийсининг Пшеводув қишлоғи ҳудудига тушган ракетани Украина ҳаводан мудофаа тизими томинидан адашиб учирилган деган хулосага келди.

Украинага қишнинг биринчи қори ёғиб улгурди. Россия эса жорий ҳафтанинг бошида Украина энергетика тузилмасига уруш бошланган 9 ойдан бери энг кучли зарбасини берди. Украина расмийлари мамлакат бўйлаб электр энергиясини тиклаш учун қаттиқ курашаётганини айтади.

Бугун, 17 ноябрь куни эрталаб Украинанинг бир қанча жойларида, жумладан жанубий Одесса порти, пойтахт Киев ва марказий Днепр шаҳрида яна портлаш овозлари эшитилган.

Маҳаллий расмийларга кўра, жанубий Запорожье вилоятига ракета ҳужуми оқибатида икки киши ҳалок бўлган, шимоли-шарқдаги Харьков шаҳрига қилинган ҳужумда уч киши яраланган. Шунингдек, Одессада ҳам уч киши жароҳатланган.

Украина Бош вазири Денис Шмигалнинг маълум қилишича, Россия асосан газ ишлаб чиқариш корхоналарини бомбардимон қилмоқда.

“Ҳозирда Киев узра ракеталар учиб ўтмоқда. Айни вақтда улар бизнинг газ ишлаб чиқаришимизни бомбардимон қилмоқда. Шунингдек, Днепр ва Южмашдаги (ракета заводи) корхоналаримиз бомбардимонга учраяпти”, деган Бош вазир.

"Нафтогаз" давлат энергетика компанияси эса Украина шарқидаги газ ишлаб чиқариш объектлари шикастланган ёки вайрон бўлганини тасдиқлаган

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гуманитар ёрдам идораси жорий қишда Украинада жиддий гуманитар инқироз юзага келишидан огоҳлантирган.

“Миллионлаб одамлар доимий равишда электр узилишларига дуч келишмоқда ва энергия етишмаслиги сувни насос билан таъминлашга ҳам таъсир қилмоқда”, дейилади БМТнинг гуманитар ёрдам идорасининг баёнотда.

Украина инфратузилма вазирлиги Украинанинг Қора денгиз портларидан озиқ-овқат ва ўғитларни ҳимояланган денгиз транзит йўлаги орқали экспорт қилиш имконини берувчи келишувни 120 кунга узайтириш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.

Биринчи марта июль ойида келишилган Қора денгиз ғалла ташаббуси глобал озиқ-овқат танқислигини юмшатишга ёрдам берди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса дон битимини чўзиш ҳақидаги қарорни олқишлади.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған шу ҳафтада Украинадаги кескинликни пасайтириш масаласида Анқарада бўлиб ўтган Россия-АҚШ музокараларидан сўнг, томонларнинг ҳеч бири ядро қуролидан фойдаланмаслиги тўғрисида маълум қилганини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Ражаб Тойиб Эрдўған Украина

Баҳолаганлар

266

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг