Россия Украина бўйича иккинчи саммитда ҳам қатнашмайди – ТИВ
Олам
−
11 Июль
4931Россия Украина ва унинг иттифоқчилари томонидан тайёрланаётган иккинчи халқаро тинчлик саммитида иштирок этмайди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин РИА Новости билан суҳбатда маълум қилди.
“Биз Киев режими ва унинг ғарбий кураторлари жорий йилнинг июнь ойи ўрталарида Швейцариянинг Бюргенсток шаҳрида бўлиб ўтган муваффақиятсиз “тинчлик саммити” учун “ўзларини қайта тиклаш” ва шунга ўхшаш тадбирни ўтказишга ҳаракат қилиш ниятида эканини биламиз”, дейди Галузин.
Унинг сўзларига кўра, Россия Украина Президенти Владимир Зеленский формуласида таклиф қилинган шартларни қабул қилмайди.
“Саммитнинг аниқ жойи ҳали аниқ эмас, аммо география муҳиммас, тадбир мазмуни муҳимроқ”, деб таъкидлади дипломат.
РИА Новости дипломатик манбага таяниб, навбатдаги саммит Саудия Арабистонида ўтказилиши мумкинлигини хабар қилди.
Бир кун аввал “Bloomberg” манбалари Украина расмийлари АҚШда президентлик сайловлари ўтказиладиган ноябргача иккинчи халқаро тинчлик конференциясини ташкил этишни ва Россияни ушбу тадбирга таклиф қилишни исташларини билдирган эди.
Маълумот учун, Швейцариянинг Бюргенсток шаҳрида 15-16 июнь кунлари бўлиб ўтган биринчи саммитга Россия делегацияси таклиф этилмади. Анжуманда Владимир Зеленскийнинг тинчлик формуласининг айрим бандлари муҳокама қилинди.
Азизбек Эшмаматов
LiveБарчаси