Россия Украина бўйича ҳеч қандай шартларсиз мулоқотга тайёрлигини маълум қилди
Олам
−
11 Ноябрь 2022
14944Агар Киевга “тегишли пойтахтлардан” буюртма берилса, Украина бўйича мулоқот имкониятлари ортади. Бу ҳақда бугун, 11 ноябрь куни журналистларга Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков маълум қилди.
“Мен позицияни тасдиқлашим мумкин, яъни: биз ҳеч қандай шартларсиз мулоқотга очиқмиз. Биз бунга аввал ҳам тайёр эдик”, дейди вазир ўринбосари Россия АҚШ билан Украина мавзусида гаплашишга тайёрми, деган саволга жавоб берар экан.
Рябковга кўра, Киев ўз хатти-ҳаракатлари билан тинчлик сулҳи тузиш бўйича режаларни ҳам, амалий қадамларни ҳам йўққа чиқарган.
“Киев ўзининг Ғарб кураторлари буйруғи билан умуман олға силжаётган, маълум бир ҳужжат ишлаб чиқилаётган мулоқотни тўхтатди. Энди ҳаммаси ўтмишда қолди. Кейин нима бўлиши бизга боғлиқ эмас”, дея таъкидлади у.
Унинг таъкидлашича, агар Киевга “юқоридан” топшириқ келса, мулоқот имконияти ортиши мумкин.
“Мен ўз фикримни аниқ айта оламан, агар Киевга тегишли пойтахтлардан буюртма берилса, унда бундай мулоқот имкониятлари ортади. Лекин яна бир бор айтаман, бу ерда бизда ҳеч қандай тўсиқлар йўқ ва мулоқот ҳеч қандай шартларсиз давом этиши керак”, дейди у.
Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Оқ уйнинг Киевдан Москва билан музокараларга очиқлигини кўрсатиш сўровлари ҳақидаги хабарлар қанчалик ишончли эканини билмаслигини айтди. 8 ноябрь куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Россия ва АҚШ Украина бўйича музокаралар олиб бормаётганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия раҳбарияти Украина бўйича музокараларга ҳамон тайёр эканини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, Россия Ғарбдаги ҳамкасблари Москва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда вазиятни юмшатиш бўйича суҳбат ташкил этишни таклиф қилса, уларни тинглашга тайёр. Песков, шунингдек, Украина бўйича музокаралар биринчи навбатда Вашингтон билан олиб борилиши керак, чунки Киев “ташқаридан келган буйруқ билан” иш олиб бормоқда, деган фикрни билдирди.
LiveБарчаси