Россия “Турк оқими” орқали газ етказиб беришни вақтинча тўхтатади

Олам

image
0:00
0:00
download

Жорий йилнинг 21 июнидан 28 июнига қадар Россиянинг “Газпром” компанияси “Турк оқими” орқали газ экспорт қилишни тўхтатади. Бунга газ қувурида йиллик режали таъмирлаш ишлари олиб борилиши сабаб бўлган. Бу ҳақда компания Матбуот хизмати хабар берди.

“2022 йилнинг 21 июнидан 28 июнига қадар “Турк оқими” газ қувурининг иккала тармоғи бўйлаб йиллик режали профилактика ишлари амалга оширилади, шу муносабат билан газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, газ етказиб беришни тўхтатиш барча манфаатдор томонлар томонидан олдиндан келишилган.

Маълумот учун, Россия Туркияга Қора денгиз орқали икки қувурда газ етказиб беради. “Мовий оқим” 2003 йил бошида фойдаланишга топширилган ва лойиҳа қуввати 16 миллиард куб метрни ташкил қилади. Қувурнинг умумий узунлиги – 1213 км. 

“Турк оқими” экспорт газ қувури иккита линиядан иборат бўлиб, улардан бири турк истеъмолчиларини газ билан таъминлаш, иккинчиси Жанубий ва Жануби-Шарқий Европа мамлакатларига газ етказиб бериш учун мўлжалланган. “Турк оқими”нинг умумий қуввати 31,5 миллиард куб метрни ташкил қилади. Мазкур газ қувури 2020 йил январь ойида фойдаланишга топширилган.

2021 йилда “Газпром” Туркияга “Мовий оқим” орқали рекорд миқдорда – 15,98 миллиард куб метр газ етказиб берди. Умуман олганда, Россия Федерал божхона хизмати маълумотларига кўра, 2021 йилда Россия Федерациясидан Туркияга табиий газ етказиб бериш 26,76 миллиард куб метрни ташкил этган. 

Эслатиб ўтамиз, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқара Украинадаги уруш сабаб Россия газидан воз кечмаслигини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Туркия “Турк оқими”

Баҳолаганлар

346

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг